Нурободликлар нега эътибордан четда?

Коранавирус пандемияси сабаб бугун вилоят ва туман марказларини озиқ-овқат ва қишлоқ маҳсулотлари билан таъминлаш алоҳида эътиборга олинган. Аммо туманларда яшовчи фуқаролар айнан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигидан азият чекмоқда.

Хусусан, Нуробод туманининг 50 мингга яқин аҳоли яшвочи Жом қишлоғи ҳудудида ҳафтада бир маротаба бўладиган “Жом” деҳқон бозорида ун ва картошка етишмовчилиги кузатилмоқда. Айни вазият юзага келишига маҳаллий савдо-сотиқ билан шуғулланувчиларнинг Самарқанд шаҳридаги улгуржи савдо марказларига кира олмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Шу вақтгача қўшни Самарқанд туманидан картошка етказган тадбиркорлар карантин сабаб Жомга маҳсулот олиб бормаяпти. Натижада  аҳолида картошкага бўлган талаб кескин ошиб кетмоқда. Афсуски, на бозор маъмурияти, на туман мутасаддилари томонидан шаҳар марказларидаги каби савдо ярмаркалари ташкил этиш бўйича чоралар кўрилмаяпти. Карантин сабаб шаҳар аҳолиси қулайлик яратилиши жалб қилинаётган туман ҳокимликлари ўз ҳудудлари аҳолиси ҳақида қачон ўйлайди? Айнан “Жом” деҳқон бозорида 29 март куни ун ва картошка маҳсулотларининг етишмаслиги сабаб аҳоли ўртасида бир неча марта зиддиятлар келиб чиқди. Шу куни бозорда битта тижорат машинасида картошка олиб келиниб, 5-6 минг сўмдан сотилди. Қопи (50 кг) 160 мингдан сотилган ун ҳам аҳоли ўртасида талаш бўлиб кетди. Энг ачинарлиси, ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар бундай вазиятда янада мушкул ҳолатга тушиб қолмоқда.

Бу каби ҳолатлар, айнан картошка ва ун маҳсулотларининг етишмаслиги биргина Жомда эмас, вилоятимизнинг барча туманлари марказларидан олисда бўлган аҳоли пунктларида кузатилаётганлиги ижтимоий тармоқларда айтилмоқда. Вилоятимиз раҳбарлари фақат марказларда эмас, чекка ҳудудларда ҳам аҳолининг бугунги турмуш шароитларини эътиборга олишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Олим Норбоев,

Нуробод тумани, Жом қишлоғи.