Нусрат Раҳмат: Жадидлар сафида туриб
Яқин ўтмишда адабиётшунослар Садриддин Айнийни социалистик реализмнинг йирик арбоби, деб ёзишарди. Аслида Садриддин Айний том маънода жадид эди. Асосларга эътибор беринг: 1915 йили Бухорода Абдулвоҳид Мунзим билан ҳамкорликда янгича мактаб очган ва илк бор "усули жадид" мактаблари учун "Таҳсиб уссибо" ("Болалар тарбияси") номли китоб ёзган ва айнан шу фаолияти учун амир қаҳрига учраб, Самарқандга йўл олган Садриддин Айнийдир. Самарқандда уни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шогирдларидан бири Исматулло Раҳматулло кутиб олиб, уйидан жой беради, кейинроқ жадид Вадуд Маҳмуднинг синглисига уйлантиришади. Бу орада Туркистон жадидларининг отаси бўлмиш Беҳбудий уни ўз қаноти остига олади.
"Бухоро жаллодлари", "Қуллар"ни ўқинг – жадидларни қандай улуғлайди, улар тўғрисида қимматли маълумотлар беради ёзувчи. Тўғри, "Қуллар"да коллективлаштириш мавзусига ҳам кенг ўрин беради. Аммо коллективлаштириш мавзуида ўша даврнинг аксар пешқадам ёзувчилари – Михаил Шолохов ("Очилган қўриқ"), Абдулла Қодирий ("Обид кетмон"), Ойбек ("Олтин водийдан шабадалар"), Абдулла Қаҳҳор ("Сароб") асарлар битишди. Коллективлаштириш ўша даврнинг зарур талабларидан бири бўлиб, адиблар бу курашни қаламга олишлари табиий ҳол эди. Аммо ҳамма гап шундаки, коллективлаштириш инсон қони ва жони ҳисобига амалга оширилди. Агар сиз юқорида тилга олинган асарларни бугуннинг нуқтаи назаридан туриб ўқисангиз, зулм ва истибдодлар сатрлар қатига жуда маҳорат билан жойланганига гувоҳ бўласиз. Келинг, "Қуллар"га қайтайлик. Қарийб 500 бетдан иборат бу қамровли асарнинг атиги 48 саҳифаси руслар босқинигача бўлган даврга бағишланади. Қолгани Октябрь тўнтарилиши, коллективлаштириш ҳақида. Хўш, нега ундай бўлса, асарнинг номи "Қуллар"? Бу – ўша пайтда қул бўлиб қолганимизга шаъма эмасмикан?! Тўғри, романда этикдўз Жугашвили ўғлига ҳам ҳамду санолар бор. Аммо асар тарихимизнинг энг қора даври бўлмиш ўттизинчи йилларнинг ўрталарида ёзилганини ҳисобга олсак, буюк адибни тушунгандай бўламиз. Бу романда коллективлаштириш йилларидаги адолатсизликлар, бегуноҳ одамларнинг қулоқ қилиниши, шафқатсизлик акс эттирилган дейиш мумкин.
"Қуллар" ўзбек тилида ёзилиб, сўнг муаллиф томонидан тожикчага таржима қилинган. Масалан, "Судхўрнинг ўлими"ни Луи Арагон жаҳон адабиёти дурдоналари қаторига қўшганидан хабардормиз. Бу асар Францияда уч марта нашр этилган. Адибнинг Самарқанддаги уй-музейида мазкур асарнинг ўнлаб тиллардаги нашрларини кўриш мумкин.
Садриддин Айний Бухорода туғилди, Самарқандда ижод қилди, Душанбеда дафн этилди. У чинакамига икки халқ фарзандидир. Адиб ўзбек тилида битган асарларини пешма-пеш тожикчага ёки тожик тилида битган асарларини зудлик билан ўзбекчага ўгирган. Ҳатто илмий ишларини ҳам.
Айний домла Тожикистон Фанлар академиясининг биринчи президенти, Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси бўлган. Садриддин Айнийнинг докторлик диссертацияси Алишер Навоий ижодига бағишланган. 1948 йили Алишер Навоий ижодига бағишланган китоби ҳам чоп этилган. Унгача эса Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Рудакий, Шайх Саъдий ҳақидаги асарлари чиққан. Бу борада ҳам атоқли адиб икки халқнинг маънавиятига хизмат қилган олимдир.
1978 йили Садриддин Айнийнинг юз йиллиги ЮНЕСКО доирасида Душанбе ва Тошкентдан ташқари, Париж, Лондон сингари ўнлаб мамлакатларнинг пойтахтларида нишонланган эди. Мустақиллигимиз эълон қилингандан кейин ҳукуматимиз томонидан Садриддин Айнийнинг "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланиши улуғ ёзувчининг халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматларига берилган муносиб баҳодир.
Нусрат РАҲМАТ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.