Ўғлонлар Ватан ҳимояси учун сараланмоқда
– 2018 йилги чақирув мавсумига тайёргарлик жараёнида туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида жами 60 минг нафарга яқин чақирилувчилар ўрганилди, – дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи ёрдамчиси Элёр Атабаев. – Шаҳар ва туманларда дастлабки тиббий кўрик тўлиқ амалга оширилди. 2017 йилнинг 10 октябридан жорий йилнинг 15 январига қадар чақирилувчилар учун жисмоний ва тест синовлари ўтказилди. Энг юқори балл тўплаганлар муддатли ҳарбий хизматга юборилади. Соғлом деб топилган, аммо етарли баллга эга бўлмай, муддатли ҳарбий хизматдан қолдирилганлар навбатдаги чақирувга ёки сафарбарлик резервидаги хизматга тавсия этилади. Ҳозирда вилоят йиғув пунктида сараланган чақирилувчилар якуний тиббий кўрикдан ўтмоқда.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлимининг йиғув пунктида чақирилувчиларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шароит яратилган. Олий тоифали, малакали тиббиёт ходимларидан иборат комиссия иш олиб бормоқда.
– Тиббий кўрикнинг сифатли, ошкора ўтишига алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди тиббий комиссия катта шифокори Худойберди Амонов. – Бунинг учун хоналар зарур тиббий асбоблар билан жиҳозланган. Шаҳар ва туманлардан тиббий кўрикдан ўтиб, бу ерда касалликлар аниқланаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Ўтган йилги чақирув мавсумидан кейин турли касалликлар туфайли вилоятимиз бўйича 9 нафар йигит ҳарбий қисмлардан қайтариб юборилган. Бу йил шу каби салбий ҳолатлар такрорланмаслигига ҳаракат қиляпмиз. Тиббий кўрик жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир хонага видеокузатув жиҳозлари ўрнатилган.
Fолиб АБДУСАМАТОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).