Ўқитувчи руҳшунос бўлиши керак

Соғинч уни қийнаётгани мунгли кўзларидан ҳам маълум эди. Тирикчилик сабаб ўзга элда юрган онасини ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қилди. Тўлиб турган кўзларини ёшдан тўхтата олмади.

Онамни яхши кўраман. Биламан, улар ҳам мени жонидан ортиқ кўради. Аммо мен ҳеч қачон фарзандларимни ташлаб, рўзғорни бут қилиш учун чет элга бормайман, – деди хўрсиниб.

Бу унинг ёш бўлса-да, ҳаётий хулосаси эди. Синфдаги болаларнинг ҳеч бири уни юпатишга ҳаракат қилмади. Чунки ота-онаси четда юрган ўқувчилар синфда оз эмас эди.

Ўқитувчи ўқувчига таълим-тарбия беришга масъул. Бугун отаси-онаси чет давлатларда ишлаётган ўқувчилар талай. Улар билан ишлаш бироз мураккаб. Болалиги билан эрта хайрлашиб, ўзларининг муаммоларини ўзлари ечишга уринаётган ўқувчиларнинг аксариятининг руҳий оламида ўзгариш бўлади. Бу ўзгаришларни ижобий томонга йўналтиришда ўқитувчиларнинг ўрни катта. Агар болани гулга қиёсласак, уни парваришлайдиган боғбон ўқитувчи. Ерга уруғ сепмай, буғдой ололмаганимиздек, болага меҳр кўрсатмасдан ундан яхшилик кутиб бўлмайди. Шу ўринда ўқитувчилардан болалар билан ишлашда руҳшунос бўлиш ҳам талаб этилади. Чунки бола уйида, ота-онасига айтолмаган гапларини ўқитувчи билан баҳам кўриши мумкин. Ҳаётий фаолиятимда бундай ҳолатлар кўп учраган.

Бир неча йил олдин кўп дарс қолдирадиган бир ўқувчимдан бунинг сабабини сўраганимда, "Ишлайман, кундалик эҳтиёжимга пул керак", деб қолди. Ота-онангнинг бундан хабари борми, десам, "Ота-онам ишда. Мен билан қизиқишмайди", деди.

Шу суҳбатдан кейин кўп ўтмай унинг отасини коллежга чақиртирдим. Ўғлига эътиборлироқ, меҳрибонроқ бўлишини сўраб, суҳбатлашдим. Суҳбат сўнгида ота оғир хўрсиниб, "Қани эди, ўғлим сиздан кўра мени ўзига яқинроқ деб билганида эди...", деб чиқиб кетди.

Озода МУРОДОВА,

Сартепа туризм коллежи

ўқитувчиси.