Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари халқимиз истаги, ҳукумат талабига мос фаолият юритяптими?

Бугун 1029 мактабда 10-синф ташкил этилган бўлиб, уларда 31 минг 502 нафар ўқувчи таҳсилни давом эттирмоқда. Ўқувчиларни касбга тайёрлаш мақсадида 124 касб-ҳунар коллежи, 58 мактабда 40 та касб йўналиши бўйича ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу мажмуаларда ўқувчиларга умумтаълим фанларини ўқитиш баробарида, ҳафтада бир кун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этмайдиган касб-ҳунар сирлари ўргатилмоқда.
Жомбой иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуасида тумандаги 6 мактабнинг 191 нафар 10-синф ўқувчиси компьютер оператори, ҳисобчи, тикувчилик йўналишлари бўйича касб-ҳунар эгаллаши белгиланган экан. Аммо жорий йилнинг 6 февраль кунги ўқув жараёнида иштирок этиб, машғулотлар кўнгилдагидек ўтказилмаётганлигига гувоҳ бўлдик.

Д.Зоиров раҳбарлик қилаётган компьютер операторлиги йўналиши бўйича касб ўргатилаётган 101-гуруҳда 21 нафар ўқувчидан 17 нафари иштирок этяпти. Компьютердан фойдаланиш сирлари ўқитилаётган синфда бирорта компьютер йўқлиги бизни ажаблантирди. Ўқувчиларнинг ҳеч бири ўтилган мавзулар юзасидан маълумотга эга эмас.
Тикувчилик йўналишидаги 107-гуруҳда ўқувчилар тўлиқ иштирок этаётган бўлса-да, машғулот хонаси керакли жиҳозлар билан таъминланмаган. Хонада иккита носоз тикув машинаси бор, холос. "Эркаклар кўйлагини тикиш" мавзусидаги дарсда қизлар назарий маълумотлар ёзиш билангина кифояланяпти. Бунинг сабабини ўқитувчи хомашё берилмагани билан изоҳлади.

Ҳисобчилик гуруҳида 19 ўқувчининг 4 нафари дарсга келмаган. Бунга гуруҳ раҳбари Б.Шоназаровнинг изоҳи тушунарсиз бўлди: "Бир ўқувчимизнинг мазаси йўқ. Уч нафари стадионда футбол томоша қиляпти".
Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида тўрт мактабдан 120 нафар ўқувчига беш йўналиш бўйича ўқув машғулотлари ўтилади. Мажмуа хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. Ўқувчилар электрон ҳисоблаш, маиший хизмат машиналарини таъмирлаш, ошпазлик, радиотехника, тикувчилик каби йўналишлар бўйича дарсларда қатнашяпти.

– Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқардим, – дейди 40-мактаб ўқувчиси Д.Элбекова. – Мажмуадаги машғулотларга қатнаб, қўлда пайпоқ, шарф тўқиш, аёллар учун кўйлак тикиш сирларини ўрганяпман. Устоздан жуда миннатдорман, касб кўникмаларини ўзлаштиришимда ёрдам беряпти. Яқинда ойим учун кўйлак ҳам тикдим.
Жомбой туманидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларидаги таълим жараёнларини кузатиш мобайнида коллежларнинг бирида муаммолар мавжудлиги, иккинчисида ижобий саъй-ҳаракатлар қилинаётганига амин бўлдик. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, фарзандларимизнинг касбий маҳоратини ошириш масаласига жойларда бир хил ёндашилмаяпти.

Олим СОННИБОЕВ.