Ўзбек тили дунёдаги 40 та энг оммавий, гўзал тиллардан бири

Ўзбек давлатчилиги тарихига мустақиллик учун кураш даври сифатида муҳрланган ўтган асрнинг 80-йиллари охири ва тўқсонинчи йиллари боши халқимиз қаддини тиклаш ва миллий тилимиз нуфузини ошириш борасида қўйилган қутлуғ қадамлар билан унутилмасдир. Хусусан, ана шу миллий курашнинг илк самараси сифатида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани чинакам тарихий воқеа бўлган эди.

1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган “Давлат тили  ҳақида”ги қонун миллий тилимизнигина эмас, шу билан бир қаторда халқимизнинг қадрини ҳам кўтарди, мустақиллик учун кураш амалий тус олди. Истиқлол йилларида эса она тилимизнинг давлат тили сифатида қўлланиш кўлами янада кенгайди.

Шундай экан, ҳазрат Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, деган жумлалари ёши ва касбидан қатъи назар барчамизга тааллуқли, деб ҳисоблаймиз.

 - Кўпчилик орасида бугунги ёшлар она тилимизга ўта бефарқ, деган қараш мавжуд. Бу мулоҳазалар ҳақиқат, афсуски, инкор этолмаймиз, – дейди каттақўрғонлик тажрибали муаллим, педагогика фанлари номзоди Анвар Бекмуродов, - Сўзларга “жаргон”, турли иборалар қўшиб гапирувчилар она тилимизга ҳурматсизлик қилаётганини билармикан? Ахир, биз жаҳондаги кўҳна ва буюк мамлакатлардан бирининг фарзандимиз. Шунга муносиб тарзда яшашимиз, тарихимиз ва албатта, она тилимизга беқиёс ҳурматли муносабатда бўлишимиз лозим.

“Тил билган эл билади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Бугунги кунда иқтидорли, истеъдодли ёшларимизнинг бир неча чет тилларини мукаммал эгаллаб, дунёнинг нуфузли ўкув юртларида таълим олаётгани бизни ҳам қувонтиради, ҳам янада юксак марралар сари чорлайди.

Аммо, биринчи навбатда она тилимизни улуғлаш, қадрлаш барчамизга фарзу шарфдир.

Буюк аждодларимиз, қомусий олимларимиз бир неча тилни мукаммал билганлари учун ҳам дунё илмларидан баҳраманд бўлган. Она тилимизни ўзга тиллар билан солиштириб, имконият даражаларини қиёслаб, уни ривожлантиришга ҳисса қўшганлар.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.