Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Она меҳри, ота панди, устоз ўгити, ака дашноми, опа сийлови, дўст қутлови, эл эътирофи она тилида янграйди

Она тили кишилар ўртасида алоқа воситасигина эмас, балки қалбдаги энг самимий, дил ўртовчи, инсонни бир-бирига боғловчи изҳори дилларни баён қилгувчи илоҳий неъматдир.

У орқали фақат кўнгил кечинмалари баён этилмас, балки она меҳри, ота панди, устоз ўгити, ака дашноми, опа сийлови, дўст қутлови, эл эътирофи янграйди.

Халқаро тиллар ўзга элларни тушуниш учун зарурият касб этар, аммо ҳар бир миллат оламни ўз тилида англайди. Чунки она тили шу тил эгаси билан унинг тафаккурида, шуурида, қалбида, ҳаётида яшайди. Шунинг учун ҳар бир миллат ўз тарихи, миллий маданияти, маънавий меросининг ажралмас қисми бўлган она тилини Ватани, Онаси каби эъзозлайди. Шоирлари шеърларида, бахшилари достонларда, созандаси куйларида, қўшиқчиси яллаларда мадҳ этади. Бебаҳо хазина каби асраб-авайлаб авлодларга етказади. Зеро, бу миллатнинг борлигини, борлиғини ўзида мужассам этган тирик хазина ўз эгаларига беминнат хизмат қилади, довруғини оширади, уни абадиятга муҳрлайди.

Биз ҳам “ипак қурти мисол тирик хазина”( Э.Воҳидов) – она тилимиздан, тилимизнинг камалак мисол ранго-ранг маъноли сўзларидан, унинг бемисл жилоларидан фахрланишимиз, бус-бутунлигича авлодларга тортиқ этмоғимиз даркор. Чунки тилимиз қудрати, шонли йўли, неча-неча асрлик минг-минглаб ижод намуналарининг шу тилда ёзилгани бизга ушбу масъулиятни юклайди. Ўзбек тилини она тилим деб билган ҳар бир инсон бошқа тилдаги сўзлардан деярли фойдаланмасдан, туркий тилда ўн уч минг мисралик “Қутадғу билиг” достонини яратган Юсуф Хос Ҳожиб каби, туркий сўзлар луғатини яратган , “араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб, ўзиб бораётган турк тилини”, кўкларга кўтарган “Девон-у луғатит-турк” асари муаллифи Маҳмуд Кошғарий каби, туркий тилда “Муҳаббатнома” асарини ёзиб, “шакартек тил била оламни” тутган Хоразмий каби ўз тилидан фахр этиши, муносабат билдириши лозим. “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам” деб баралла айтган, тилимизнинг ривожи учун асарлари билан улкан ҳисса қўшган, ўзбек тили довруғини юксалтирган Ҳазрат Алишер Навоий каби тилимизни жаҳонга тараннум этиши керак.

Ўтган асрнинг долғали даврида тилимиз келажаги учун қайғурган, бу йўлда дадил ҳаракатлар қилган М.Беҳбудий, А.Фитрат, А.Қодирий, А. Авлоний, А.Чўлпонлар каби ўзбек тили равнақи учун курашиши зарур. Шундагина тилимиз келажаги таъминланади, асрлар оша жаҳон минбарларида янграйверади.

Орзибони Юсупова,
Самарқанд давлат университети доценти.
Динара Исломова,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.