Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эл нетиб топгай мениким…

Улуғ ёзувчимиз Ойбек «Қутлуғ қон» романида кишан сўзини жуда ўрнига қўйиб ишлатган. Гулнорга уйланиши масаласини гаплашиб ўтиришганида темирчи Қоратой Йўлчига қарата «Биламан, тушунаман, кишанга тобинг йўқ», дейди.

Шунга ўхшаб, халқимизнинг эндигина қутулган кишанни яна қайта бўйнига илишга тоби ҳам, тоқати ҳам йўқлигини, бу гапларнинг тагмаъноси нима эканлигини бугун юртдошларимиз тушуниб етган. Шунинг учун, мамлакатимизда рус тилига расмий тил мақомининг берилишига ҳеч қачон йўл қўйилмаслигига шубҳаланмаса ҳам бўлади.

Халқимиз кейинги йилларда ҳамма соҳада илгарилаб кетди. Дунёқараши ўзгарди. Яшаш тарзи, турмуш шароити кун сайин яхшиланмоқда. Ижтимоий тармоқларда мавзуга оид билдирилаётган фикр-мулоҳазалар буни яққол исботлаб турибди.

Аммо, бу чиқишдан ҳам ҳикмат изласа бўлади. У халқимизнинг ўз она тили тақдирига бефарқ эмаслигини яна бир бор исботлади, юрагидаги гапларни тўкиб солишга туртки бўлди.

Масалан, мен нимани ўйлаяпман. Ўша қалтис замонларда – ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида ижтимоий-сиёсий вазият қандай эди? Ҳали мустақиллигимиз қўлга киритилмаган пайтларда Олий Кенгаш томонидан ўзбек тилига давлат тили мақомини беришнинг кун тартибига қўйилиши мустақиллик йўлидаги илк қадамлар эмасмиди? Мана шу илк қадамлар маънавий жасорат бўлмаганмиди? Биринчи Президентимиз Ислом Каримов (охиратлари обод бўлсин!) «Тил элни бирлаштириши лозим», деган ғоя билан чиққанида хаёлидан нималар кечган эди?

Шу саволлар атрофида фикр қилганимда она тилимиз ҳамма замонларда ҳам босим ва тазйиқ остида тараққий этиб келгани кўз олдимдан ўтади. Хайриятки, унинг ўз ҳимоячилари, ўз фидойилари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Улуғ Алишер Навоийнинг «Муҳакамат ул-луғатайн» асарининг ёзилиш тарихини бир эслайлик.

Бу улуғ неъматга тазйиқ ўтказаётганлар ташқаридан бўлганда масаланинг моҳиятини тушуниш осон кечади. Аммо душманлик ичкаридан бўлса-чи? Шундай пайтда менинг кўз олдимга адабий тилимизни бузаётганлар, унга нисбатан менсимасдан муносабатда бўлаётганлар келади. Агар улар бошқа миллат вакиллари бўлса, бу – тушунарли. Аммо шу миллатга мансуб бўлса-чи? Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога!..

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари бўлган радио, телевидение, газета ва журналлар, интернетдаги ижтимоий тармоқлар мамлакатимизда ўзбек тилининг фаол истеъмолчилари ҳисобланади. Унинг адабийлиги ва маданийлигини тарғиб қилувчилар ва намойиш этувчилар ҳам айнан шулар. Газета ва журналларда, давлат радио ва телеканалларида адабий тил меъёрларига амал қилинаяпти. Аммо, айрим нодавлат телеканаллари, улардаги айрим кўрсатув ва радиоэшиттириш бошловчилари (аслида «олиб борувчи» бўлиши лозим) тилининг бутунлай шевачиликка, «вотти-вотти» асосига қурилганлигини қандай тушунса бўлади? Бу уларнинг ўзбек адабий тилини билмаслиги дебми ёки она тилига бўлган беписандлик ва ҳурматсизлик, дебми? Ёки ўзларини бошқа ўзбек шевалари вакилларидан устун қўйишми? Худди рус тилига расмий тил мақомини беришни таклиф қилиб чиққанларга ўхшаб, булар ҳам муайян мақсадни кўзлаб шундай қилишадими ёки шунчаки манманлик ва олифтагарчиликми? Ёки адабий тилда гапириш лаёқати етишмайдими? Ахир оммавий ахборот воситалари халқники-ку, уларнинг шахсий мулки эмас-ку!

Оммавий ахборот воситалари эса бундайлар учун минбар вазифасини ўташи халқнинг ҳамиятига тегадиган бир ишдир. Бундан ташқари, кўпчилик ёшлар буни «демак, шундай гапириш керак экан», деб тушунишади. Бу эса, муқаррар равишда адабий тилнинг бузилишига, бинобарин, саводсизликка йўл очади.

Бас, шундай экан, бу «ички диверсия»га бундан буёғига йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, эл таниган айрим санъаткорлар ёки журналистлар бўла туриб, ҳеч истиҳола қилмасдан, масъулият сезмасдан киноларда, телеканаллар минбарида халқ билан мулоқотларда адабий тилда гапиришни ўзларига эп кўрмайдиганларни тил маданиятидан йироқ  кимсалар, деб ҳисоблаймиз.

Бугун гап ҳамжиҳатлик, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш ва яшаш устида гап кетаётган экан, адабий тил меъёрларига амал қилишда ҳам шу тамойилга суяниш керак. Бу эса, айниқса, эл таниган зиёлилар зиммасига катта масъулият юклайди.

Биз рус миллатини ҳам, рус тилини ҳам эъзозлаймиз. Мамлакатимизнинг бундан кейинги тараққиётида хорижий мамлакат халқлари билан иззат-ҳурматда бўлиш, керак бўлса, уларнинг тилларини ўрганиш бизга фақат ютуқлар келтиради. Аммо бунинг учун хорижий тилларнинг мақомини тафаккур тилимиз, миллий бисотимиз ва ғуруримиз бўлган она тилимизга ҳуқуқий жиҳатдан тенглаштириб ўтиришга асло ҳожат йўқ. Биз эҳтиёжимиздан ва миллий манфаатимиздан келиб чиқиб, уларнинг ҳаммасини ҳам ўрганаверамиз. Ундан кўра ичкаридаги аҳволимизни тузатайлик. Марҳамат қилиб, она тилимизда тўғри ёзишни ва тўғри талаффуз қилишни ўрганайлик. Инсонийлик ғурури билан ёнма-ён миллий ғурур ҳам борлигини унутмайлик. Одамийлиги ва ғурури бўлмаган ўзбекни дунёда ким танийдию ким тан олади?

 

Суюн Каримов,

филология фанлари доктори,

Самарқанд давлат университети профессори.