Ўзбек журналистлари ўз позициясига эга
Ушбу семинарнинг биринчи машғулоти бундан етти йил аввал Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган. Унда дастлаб водийдаги вилоятлар оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашиб, ўзаро фикр алмашган бўлса, кейинчалик бошқа ҳудудлар журналистлари жалб этилган.
– Асосий мақсад – журналистларнинг ўзаро тажриба алмашиши ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини яратишдан иборат эди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов. – Фарғона вилоятидаги газета таҳририятлари билан бу борадаги ишларимиз ўз самарасини бера бошлагач, уни анъанавий тарзда ўтказадиган бўлдик. Ушбу семинарни ташкил этиш ва қамровини кенгайтириш билан бирга, фарғоналик журналистларнинг республикамиз бўйлаб ижодий сафарларини уюштиришни ҳам бошладик. Шу пайтгача деярли барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишдик. Ўзаро тажриба алмашиб, газеталарнинг ҳамкорликда сонларини тайёрладик. Кейинчалик хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик.
Чимён сиҳатгоҳидаги еттинчи ўқув-медиалагерига Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги оммавий ахборот воситаларининг юз нафардан ортиқ вакиллари қатнашдилар.
Семинар бошланишидан бир кун олдин "Фарғона ҳақиқати" газетаси ташкил этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимининг тантанали қабул маросими ўтказилгани ва фарғоналик журналистлар, шоир ва ёзувчиларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилгани бу йилги ўқувнинг илк тадбири сифатида эътироф этилди. Айниқса, вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари вилоят бўлимларига "Матиз" автомашиналари совға қилингани, 150 дан ортиқ ижодкорнинг моддий рағбатлантирилгани юртимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси, деб қабул қилинди.
Фарғонанинг сўлим "Чимён" санаториясида ташкил этилган беш кунлик ўқув семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети доценти, тажрибали журналист А.Мелибоев, "Ўзбекистон овози", "XXI аср", "Жамият", "Қишлоқ ҳаёти" газеталари муҳаррирлари Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш жараёнлари, бу борада тўпланган тажриба ва эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритдилар.
– Мазкур ўқув семинар Президентимизнинг 2017 йил 3 августда юртимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувда баён этган фикрлари, олдимизга қўйган вазифаларининг ижроси бўйича амалий ишларимиздан бири, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов. – Учрашувда Президентимиз журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларини кенг ёритиш, самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш юзасидан таклиф ва ташаббусларни баён этган эди. Ҳақиқатан ҳам бугун замон шиддат билан ўзгараётган, одамларнинг тезкор ахборотга эҳтиёжи ошиб, информацион маконда рақобат кучаяётган бир пайтда оммавий ахборот воситалари, журналистлар ҳам ўзгариши керак.
Бу галги медиалагерда илк бор хорижий оммавий ахборот воситаларининг ўзбек таҳририятлари вакиллари, юртимиздаги мухбирларининг чиқишлари уюштирилди. Гарчи бу мулоқотлар видеомурожаат тарзида амалга оширилган бўлса-да, уларнинг ҳар бир фикри, ўртага ташлаган масалалари иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди, баҳс-мунозаралар уйғотди.
Тўғриси, шу пайтгача "Америка овози", "Озодлик", БиБиСи радиоларида эфирга берилган хабар ва таҳлиллар бизда ўзимизнинг матбуотда айтилмайдиган гап сифатида деб кўпчиликда қизиқиш уйғотарди. Лекин бугун мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам давлат ҳокимияти органлари фаолиятини очиқ-ойдин ёритиш, танқидий-таҳлилий материалларга кенг ўрин берилиши кузатилмоқда. Айниқса, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўзга ташланмоқда. Президентимизнинг ўзи бундай очиқликни маъқуллаб, жамоатчилик назоратини кучайтиришни ёқламоқда, журналистларни фаолликка чорламоқда.
Шунинг учун ҳам семинар иштирокчилари хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари фикрларига ўз муносабатини билдириб, уларнинг-да эскича қарашларини танқид қилиб, холис фикрларини қўллаб-қувватлашди. Эътиборли жиҳати, ўқувнинг дастлабки кунларида маърузачиларга фақат савол бераётган тингловчилар кейинчалик уларнинг фикрларига қарши ўз позицияларини ифода этди. Баҳс-мунозаралар қизғин тус олди.
Бу журналистларнинг давр шиддатига мос ўзгараётгани, ўз қарашларига эга бўлаётганидан далолат беради. Қолаверса, Президентимизнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси ҳам семинар қатнашчиларининг юрагидаги чўғни алангалатиб, уларга куч бағишлади.
Қарийб бир ҳафталик ўқув жараёнида интернет журналистика имкониятларидан фойдаланиш, газеталар сайтларини такомиллаштириш ва ва ижтимоий тармоқларда фаолликни кучайтириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш, обуна билан боғлиқ муаммоларга муассислар билан биргаликда ечим топиш, газеталардаги тезкорлик ва таҳлилий-танқидий чиқишларга кенг ўрин бериш масалалари қизғин муҳокама этилди. Бир қатор газеталар, интернет сайтлари тақдимоти ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилди.
Ўқув-медиалагернинг асосий хулосаси шундай бўлди – журналистлар учун бундай семинарлар жуда зарур ва келгусида унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ҳамкасблар қамраб олинса, айни муддао бўлади.
Fолиб ҲАСАНОВ,
"Зарафшон" газетаси махсус мухбири.
(Самарқанд-Фарғона-Самарқанд).