Ободонлаштириш биров учун қилинмайди
Тунов куни қабристонни тозалаш, у ерда ободонлаштириш ишларини олиб бориш учун ҳашар ташкил этилаётганлигини эшитиб қолдим. Ҳашарга биров борди, биров бормади. Бориш-бормаслик ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Лекин мени ўйлантирадигани бошқа нарса.
Кейинги пайтларда телевизор, газета, ижтимоий тармоқларда фалон қабристонга ўт кетибди, мана буниси чорва моллари учун яйловга айланган, бунисида ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлда бўлиб ётибди, деган гапларга дуч келадиган бўлдик. Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Бундай жирканч ишларни ким қиляпти? Биров четдан бориб, бошқа қишлоқнинг қабристонига мол боқмаса керак? Ёки ўт қўйиб келадими? Қани бу масканнинг оқсоқоллари? Нега улар жим? Бундай нопок кимсаларни халқнинг олдига чақириб шармандасини чиқарса бўлмайдими?
Бу билан ақл ўргатмоқчи эмасман. Мени айблашдан олдин шуни билишингизни истардим: Америкага қочиб кетамизми, шифокор назоратида бўламизми, ҳаммамизнинг борар жойимиз шу ер. Қўполлашган бўлсам узр сўрайман. Бир хил воқеаларни эшитиб, кўриб одам шундай фикрлашга мажбур бўларкан.
Очиғи, кўпинча халқимиз ҳайит байрамларида қадамжолар ва қабристонларни зиёрат қилишни одат тусига айлантиришган. Аслида зиёрат қилиш фақат байрамлардами? Ободонлаштириш ишлари-чи? Доно халқимизда қайси юртнинг ободлиги, халқи маънавиятли ва маърифатли эканлигини билмоқчи бўлсанг, уларнинг бозори билан мозорига назар сол, деган ҳикматомуз гапи бор.
Инсонлар ҳаёти бевосита зиёратгоҳлар билан боғлиқ. Бизлар ўтганларни зиёрат қилиш, қадамжолар ва қабристонларга тез-тез бориб туриш ҳаётимизнинг ажралмас қисми эканини эътироф этамиз. Зиёрат сўзи луғатда ташриф буюриш, кўргани бориш деган маънони беради. Қабрларни зиёрат қилиш суннат амаллардан ҳисобланади. Азиз авлиёларнинг мақбараларини, шунингдек, яқинларингизнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш Ислом динида савобли ишлардан саналади. Душанба, пайшанба, жума кунлари қабрларни зиёрат қилиш учун энг афзал вақт саналаркан. Зиёратнинг ҳам бир қанча эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлари ва одоблари бор. Муборак ҳадисда "Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади", дейилган.
Гапнинг дангалини айтганда, аксарият кишилар қабристонни ободонлаштириш ишларига худди уни биров мажбурлаб олиб боргандай ўзини ҳис қилади. Кўпчилик ҳайит байрамларида қабристонга зиёратга боради. Бу яхши, аммо ўтганларни фақат муайян вақтда эмас, ҳар лаҳзада эслаб туришимиз лозим.
Муборак ҳадисда ўтганларни яхши сифатларини эсланглар, ёмон сифатларидан тилларингни тийинглар, деб айтилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилиш, ободонлаштириш бурчимиз эканлигини унутмайлик.
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.