“Очиқ мулоқот” телекўрсатувида тушган савол: Қўшилган қиймат солиғи ҳақида маълумот берсангиз?
Паст Дарғом туманида яшовчи Учқун Мардиевнинг ушбу саволига Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Валишер ТЕМИРОВ қуйидагича жавоб берди:
- Қўшилган қиймат солиғи, бу товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш), уларни реализация қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилиш жараёнида қўшилган қиймат қисмининг бюджетга ажратиладиган маблағларидир.
2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига “қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби” киритилди. Мазкур тартиб солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини берадиган ўтиш чораси бўлиб, 2021 йил 1 январгача бўлган даврда жорий қилинади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини юритувчи юридик шахслар ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўловчилардир. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш бўйича оборот ва импорт қилиш қўшилган қиймат солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 197-моддасига асосан солиқ солинадиган оборотларга эга бўлган юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш бўйича мажбурият юклатиладиган юридик шахслар, товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилувчи юридик ва жисмоний шахслар, оддий ширкат солиқ солинадиган оборотларни амалга ошираётганда зиммасига унинг ишларини юритиш юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) — юридик шахслар ушбу оборотлар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўловчилар бўлади.
Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини айланмаси 3 миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар қўллаши мумкин.