Одамларимиз шунчалик ҳам нафсига қул бўлишяптими?

- Бу нима деган гап, келинжон? Нон 6 минг сўм бўпти-я, 5 минглик нонни устига 1000 сўм қўйиб олибди! Кеча неварамни помидор учун дўконга юборсам, 5 минг сўмга 4 дона ёнғоқдек помидор бериб юборишибди!  Келиб юзига отай дедим, келиним қўймади-да! Қанақа замон бўлди, бу!.. 

Янги қўшниларнинг дастидан ҳамма нарсани нархини кўтариб юборишди. Нарироқдаги дўконда нархлар бошқача. Ҳамманинг даромади, бир хил эмас-ку! Маҳаллақўмга арз қилдим, бирор чорасини кўрар... Ўзингиз омонмисиз, уй ичилар тинчми?” 

Бир умр ўқитувчи бўлган, сўнг маҳаллада ишлаб нафақа ёшига етган бу онахон жуда оилапарвар аёл, маҳалладаги ҳар бир хонадон ва ундаги одамлар, қолаверса, уларнинг дарду ташвишларини яхши билади. 

Маҳалламизда дўкон кўп, лекин ҳамма зарур бўлиб қолган нарсалар учун энг яқинидаги дўконга боради. Дўкондан қўлида нон ва бошқа нарсалар билан чиқиб келаётган қўшни хола мени кўриб, дардини ана шундай “достон” қила кетди. 

Маҳалламизга Россиядан 2 та оила кўчиб келган. Ростмана оилалар – бирини 2, бирини 3 нафар фарзанди бор экан. Оддий одамлар, дейишди. Бирининг оила бошлиғи кавказ миллатига мансуб, бириники эса ўзбек экан, аёллари эса рус (Лекин оилада ҳеч ким ўзбек тилини заррача билишмас экан, ҳатто дадаси ҳам). Болалари маҳалла болаларига қўшилиб кетган, мактабга ҳам боришади, лекин ота–оналари кўпам кўзга ташланмайди. 

Халқимиз қизиқ-да! Холанинг айтишича, одамлар уларни кўриш учун атай кўчага чиқиб ўтиришаркан кечқурун! Яхшиям, бирор машҳур артист ё таниқли кишилар эмас экан, бир кулгинг келади, бир аччиғинг чиқади! Ғалати феълимиз, аҳмоқона қизиқувчанлигимиз бор-да! 

Хуллас, шу оиланинг фарзандлари дўкондан жуда кўп музқаймоқ олишаркан, шунинг учун дўконимизда музқаймоқнинг нархи кўтарилиб кетган. Тирикчилик деб, одамгарчиликни эсидан чиқариб қўяётганлар орамизда бор, аслида.

Ўзбеклар ва уларнинг феъл–атвори ҳақида бошқа миллатларда шу вақтгача яхши фикрлар шаклланган эди. Бугунги одамлар эса ўша қарашларни йўққа чиқаришаётгани бор гап. 

Замонни айблаб бўлмайди, ҳамма гап ўзимизда! “Менга ўз нафсимдан паноҳ бер!” деб бекорга айтишмаган. 

Мисол учун, пандемия пайтида 200 сўмлик тиббий маска 5 минг сўмга чиққани ёлғон эмас!

Глобал электр тармоғида носозлик бўлиб, бутун Марказий Осиё малакатларида “свет" ўчганида, 2 минг сўмлик шам ҳам 20 минг сўмдан сотилганди.

Ҳозир Тошкентда ижара квартиралар нархлари ошиб бораётганмиш! “Янги қўшнилар” кўчиб келмасдан олдин, бу уйларда бошқа оилалар ижарада яшашарди, холанинг айтишича, уларни уй эгаси чиқариб юборибди, россияликлар кўпроқ тўларкан! 

Ана шунақа гаплар, дўстим!

Арзимаган чақа учун виждонни сотиш, нафсга қул бўлиш – жуда ачинарли ҳолат. Ҳар “икки дунё”да уни жавоби оғир бўлиши аниқ!    

 “Сенга нима?” , дерсиз  балким...

Ҳаммамиз, умид билан фарзанд ўстиряпмиз – улар теварак атрофни кузатади, таҳлил қилади.  Катталар қилаётган ноҳақликларни ўз кўзи билан кўради, гувоҳ бўлади ва кейин хулоса чиқаради.

Ўрганмайди, деб ўйласак, бу хато. Болалар Сиз айтган ишни эмас, Сиз қилган ишни такрорлайди, ҳа, айнан такрорлайди! 

Бировнинг ҳақидан қўрқмасангиз, виждонингиз безовта қилмаса, сизга гап йўқ! Яшашда давом этинг!

Бу бир пас тин олиб, ўйлаб кўришга арзийдиган ҳолат.

Нима дедингиз?

Гулчеҳра Бердиёрова.