“Оға қақир-қақирлар”га айтар гапим: момонгизнинг мойкалтагини епсиз!”

Дунё хабарлари фонидаги урушлар сизнинг ҳам жонингизга тегдими? У ёқда Покистон билан Афғонистон урушиб ётипти, бу ёқда Россия билан Украина. Нарёқда АҚШ билан Эрон, уйда эр-хотин уришаяпмиз. Аёлимга: "Олимни маиший, майда муаммолар билан чалғитманг", деб бир социологик тадқиқотни ўқишни бошладим.

Мавзу - урушга оид: "I, II жаҳон уруши йилларида японлар бор мол-мулкини давлатга берган” мавзусида ёзилган илмий иш. Сиз ҳам кўп эшитгансиз-а? "Японлар давлат қийналган пайти ёрдам бергани учун ҳозир дунёда етакчи давлатлардан. Корейслар ҳам шунақа қилган. Аёллар тақинчоқларигача, ҳатто, уйидаги идиш-товоқларигача беришган экан. Мана миллат-у, ана миллат", деган видеолар ва изоҳларни кўргансиз, ўқигансиз.

Ачинарлиси, бошқа миллатлар улуғланган видеолар остида ўзимизникиларнинг ичидан палағда тухумлар чиқиб, "Ана, фалон миллатни қара, фалон қилипти. Бизникилар бўлса, орқа-олдига қарамай қочарди. Бизникилар ўзиникинига болта уради" деб қолишади. Ўшанақа “оға қақир-қақирлар”га айтар гапим: Момонгизни мойкалтагини епсиз. Бизнинг миллат аввалдан тутуруқли миллат бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. “Пропаганда” қурбони бўлиб, ўз миллатингизга тош отманг!

Юқоридаги "япон ва корейслар бор-будини давлатга берипти", деган гап ҳам тарғибот-ташвиқотнинг маҳсули экан. Воқеа эса мана бундай бўлган. Ҳақиқатда кўпчилик японлар мажбурий-ихтиёрий бор-будини давлатга берган. Сабаби ўша пайтдаги кучли пропаганда. "Давлат учун бор-будингни бермасанг, асл япон эмассан. Ватанпарвар эмассан!" каби гаплар халқнинг ичига киритилган. Давлатга борини бермаганларга биров қизини бермай қўйган. Сартарошхонага кирса, биров сочини олмаган, сушихоналарда гердайиб ўтира олмаган. Жамиятдан ажратилиб, энг паст қатлам қилиб қўйилган. Маҳалладаги ғийбатчи Сузукилар, Сатоулар қўлини бигиз қилиб қараган. Буларнинг барчаси социологик тренд эвазига.

Бу воқеалар сизга ниманидир эслатмаяптими? Бизникилар ҳам ҳечвақо йўқлигидан кунжара еб, бор-будини фронтга жўнатган эди. Армияга бормаса, урушга бормаса, "Негоден”га берадиган қизим йўқ. Унақа зоти пастлар билан қуда бўлмайман", деган гапдан қўрқиб, жондан азиз фарзандини урушга жўнатганлар ҳам бўлган. Нимага? Ҳа, ўлманг, ўша пайтдаги пропаганда ҳисобига.

Хулоса қиладиган бўлсак - миллатнинг ёмони бўлмайди. Шунчаки, ўша пайтдаги трендлар кўп яхшиликлару, ёмонликларга сабабчи бўлиб қолади. Шундай экан, "Фалон миллат зўр. Ўзимизникилар пачақ", деган фикрни миянгизда туғилмасданоқ “аборт” қилдириб ташланг. Шунақа дейдиганларнинг юзига Алпомишнинг зарбасидан битта туширинг. Жаримасини ўзим тўлайман.

Биз ўта яхши миллатмиз. Бир қанча чет-элликларни кузатиб ишонч билан айта оламанки, ақл жиҳатдан ҳам унча-бунчасини “энасини кўрсатиб” юбора оламиз. Бир тизимга тушиб олсак бас.

Илоҳим юртимизда, жамиятимизда илм трендда бўлсин, тинчлик трендда бўлсин, миллатпарварлик, ҳамжиҳатлик трендда бўлсин! Бўлди, сиз ёқтирмани босиб туринг, мен расмдагидек эшикдан мўралаб келинларингиз билан ярашиб келай.

Баҳодир НИППОНИЙ.

Муаллиф ҳақида: Баҳодир ИСКАНДАРОВ - Япониянинг нуфузли компанияларида меҳнат қилаётган юртдошимиз. Ижтимоий тармоқларда юз минглаб мухлисларга эга блогер. У асосан ўзи истиқомат қилаётган давлатда муҳожирлар ҳаёти, ўша давлатнинг қонун-қоидалари, ижтимоий ҳаёти ҳақида енгил, юморга бой, ҳикоя тарздаги фикрлари билан танилган.