Оғир дардни енгган аёл

"Шифокорлар «Олти ойлик умрингиз қолди», дейишганди. Жигарларим қўрққанида, куёвим ўз жигарини таклиф этган".

Биз баҳорни аёлларга ўхшатамиз. Чунки баҳор ҳам ўз вақтида қишнинг қор-қировли синовларидан ўтиб, навбати келгач, ўз кўрки-тароватини намоён этади. Аёл ҳам қалбида не оғриқлар зоҳир бўлса-да, борлиғида ўз гўзаллигини кўрсатаверади.

2015 йилда оқдарёлик Дилором Бозорованинг бошига оғир синов тушди. Тўсатдан соғлиғи ёмонлашиб, бир кечада шишиб кетди. Ҳатто оёқ кийими сиғмай қолган. Шифокорлар «Жигарингизнинг икки фоизи қолган, олти ойлик умрингиз бор...», дейишганди опага.

У пайтлар бизда жигар трансплантацияси йўлга қўйилмаганди. Ҳиндистонда операция қилиш мумкинлигини эшитади, аммо унга ҳам донор ва жуда катта маблағ керак эди. Уларда эса бундай пулнинг ўзи йўқ. Шунда, аввало, яқинлари опанинг жонига оро кирди, баъзилари ўз жигарини таклиф этди. Ўзлари бор бисотини сотишди, қариндошлар ҳам қараб туришмади. Маҳаллий ҳокимият вакиллари қўллаб-қувватлади. Уларнинг ёрдами билан Ҳиндистонга борадиган бўлишди. Қизи ўз онасига жигарини бермоқчи бўлди, лекин унинг қўлида саккиз ойлик чақалоғи бор эди. Шунда фарзанди онасиз қолишидан қўрқибми ёки қайнонасига ачинибми, куёви ўз жигарини бермоқчи бўлиб, қатъий туриб олди. Аммо куёвнинг қон намуналари Дилором опага мос келмади. Барибир яна қизи донор бўладиган бўлди.

Қаҳрамонимизни йўқлаб борганимизда, у далада трактор ҳайдаётган экан.

– Ғаллага ўғит бераётувдик, хўжайним иккаламиз иккита тракторда ишлаяпмиз, баҳорги ҳар бир кун ғанимат, — дейди опа.

Унинг табассумли юзларида соғломлик барқ этиб турар, тўққиз йил олдин у чеккан оғир дард нишоналари ўрнини бугун ажиб бир шижоат эгаллаганди. Бугун у меҳнат қилишда ҳар қандай эркакни йўлда қолдиришига гувоҳ бўлдик. Аёл бўлишига қарамай, трактор ҳайдайди, ер чопади, сигир соғади, товуқ боқади, боғ парваришлайди.

— Ўшанда Ҳиндистонда оғир операция ўтказиб, бир ярим ойда оёққа турганман. Олти ой ўтмасдан далага чиқиб кетганман. Дардни меҳнат билан енгганман. Ўзимни дала ишларисиз тасаввур қилолмайман. Шу ер билан қўшилиб нафас оламан. 2005 йилдан буён фермерлик қиламан. Шаҳарда ҳам уйим бор, лекин у ерда бир кун ҳам туролмайман...

Опа чуқур хўрсинади...

 — Биласизми, ҳаёт доим мени синаб келган. Оилада 10 фарзанд эдик, онам бевақт вафот этган. Ундан кейин укаларимга ўзим оналик қилганман, ўшанда колхозда оддий ишчи эдим. Трактор ҳайдашни ҳам ўшанда ўрганганман. Кейин ўқиб, агроном бўлганман, — дейди опа.

Суҳбатни давом этирар эканмиз, қаҳрамонимизнинг ўша таърифлаган донор қизи ва куёви келиб қолди. Опа эса «молларимдан, товуқларимдан бир хабар олай» деб шошиб кетди.

— Ҳиндистонда ҳамма нарса тайёр бўлиб, жарроҳлик амалиёти бошланиши олдидан онам тўсатдан ўзгариб қолди. У «қизимни асраб қолинг, уни соғлигини хавф остига қўйманг. Бўлди, операция керак эмас»... деб фарёд ура бошлади. Лекин мен қатъий туриб, амалиётни давом эттиришларини талаб қилганман. Амалиёт бошланди, кўз олдимдан уйда қолган эмизикли чақалоғим, фарзандим ўтган. Шукр ҳаммаси яхши бўлган, — кўз ёшлари билан эслайди опанинг қизи Дилдора.

Ҳа, ҳаёт бизни доим ўзининг кутилмаган синовлари билан «сийлаб» туради. Бу «нозик хилқат» вакилларининг метин иродаси, бардоши барчага ўрнак. Дилором опа ўзининг энг оғир дамларида дардларини ёнидаги Қорадарёга айтган эди. Аччиқ-аччиқ кўз ёшлар юмалаган бу дарёдан ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтди.

Суҳбатни якунлаб, энди қайтамиз деб турсак, «тракторчи» опамиз бизни ҳайрон қолдириб, замонавий «Hyundai» машинасини ҳайдаб келиб қолди: «Сизларни ўзим кузатиб қўяман. Бу далаларда адашиб қолманг тағин». Йўл-йулакай опанинг айтиб беришича, Ҳиндистондан келгач, барча ишларини бошидан бошлабди. Ҳозир камида 20 нафар ишчига раҳбарлик қиларкан. «Ўндан ортиқ техникаларим, 100 гектар ерим бор», дейди.

Ҳа, у тақдирини шу ер билан боғлаган. Меҳнатни заҳмат эмас, бахт деб билади. Балки шу турмуш тарзи уни бахтга — бой, дардга — қашшоқ этаётган бўлса не ажаб.

Шуҳрат Нормуродов.