Оила аъзоси бемор бўлган ходим касаллик варақаси очириши мумкинми?
Фуқаро оила аъзолари касал эканлиги, уларга ғамхўрлик қилиш учун касаллик варақасини очириб, ишхонасига берганида иш берувчи уни қабул қилмаганлигини айтиб мурожаат қилди. Савол туғилади, бундай вазиятда соғлом инсон ҳам ишдан қолиши мумкинми? Умуман, касаллик варақаси кимларга берилади? Қуйида шу масалани ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқамиз.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2667-сон буйруғига мувофиқ, касаллик ва шикастланганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси меҳнатга лаёқатсиз шахс мурожаат қилган ёхуд даволанган даволаш-профилактика муассасаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлиги аниқланган кундан бошлаб берилади. Тегишли ҳужжатлар фақат бемор шифокор томонидан шахсан кўрикдан ўтказилгандан сўнг берилиши керак.
Ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, объектив ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади ва тиббий ҳужжатларда қайд қилинади. Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи беш календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бериш ҳуқуқига эга.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик беш календарь кунидан ошганда, варақа ва маълумотноманинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Қонунчилигимизга мувофиқ, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ҳам берилиши мумкин. Бунда амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшдан катта беморни парваришлаш учун етти календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Ушбу ҳолатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслиги ҳамда меҳнат таътилида эканлигидан қатъи назар, беморнинг оила аъзолари ёки қариндошларидан бирига берилади. Амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси унинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга берилади. Она бўлмаган ёки бетоб бўлганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор билан бирга яшаш ёки яшамаслигидан қатъи назар, бошқа оила аъзоларига ҳам берилиши мумкин.
Амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кунидан ошганда, бола соғайган ёки сурункали касалликнинг ремиссия даврига ўтганга қадар бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади. Ушбу ҳолатда боланинг олдинги касаллигига боғлиқ бўлмаган янги касаллик юзага келса ёки оиланинг бошқа фарзанди касал бўлиб қолса ҳам умумий асосларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилади. Бола стационарга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бола стационарга қабул қилинган кундан ёпилади. Агарда бола стационардан чиққандан кейин унинг парваришга муҳтожлиги давом этса, стационарга қабул қилинган кунга қадар берилган варақанинг кунлари чегирилган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки бемор болани парваришлаганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.
Айтиш жоизки, оилада бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола касалликка чалинса, уларни амбулатория шароитида парвариш қилиш бўйича фақат битта меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотнома берилади. Оилада икки ва ундан ортиқ ўн тўрт ёшга тўлмаган бола навбатма-навбат касалликка чалинса, тегишли ҳужжатлар уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилади. Агар биринчи боланинг касаллиги даврида бошқа бола касалликка чалинса, кейинги болани парвариш қилиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси биринчи бола учун берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёпилганидан кейин, ушбу варақа бўйича мос тушган кунлар чиқариб ташланган ҳолда берилиши керак.
Нодир ОТАМУРОДОВ,
Жомбой тумани Юридик
хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.