Оилавий болалар уйида 5 нафаргача бола тарбияланади

2022 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ташкил этилади;

оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар сони камида 3 нафарни, лекин кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим. Бунда, оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак (ушбу чеклов давлат тарбия муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган ва юридик шахс мақомисиз қайта ташкил этилаётган оилавий болалар уйларига татбиқ этилмайди);

оилавий болалар уйларини тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар томонидан ташкил қилишга рухсат этилади;

оилавий болалар уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Миллий гвардия ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан амалга оширилади;

Амалда юридик шахс мақомидаги давлат тарбия муассасаси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган оилавий болалар уйлари юридик шахс мақомисиз қайта ташкил этилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда Давлат бюджетидан:

ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида;

ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1 баравари (ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари) миқдорида;

тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган болани даволаш-соғломлаштириш учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида маблағ ажратилади.

Тарбияланувчиларнинг яшаш харажатлари учун ажратилган маблағлар ҳар ойнинг 5-санасига қадар тутинган ота-она номига очилган банк пластик картасига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади;

Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар ҳудудда жойлашган давлат спорт мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар, тўгараклар, от спорти секциялари, «Ишга марҳамат» мономарказлари ва бошқа ўқув марказларидаги тўгараклар ва курсларга бепул қатнашади. Улар учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан йилига бир маротаба соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш учун бепул йўлланмалар ажратилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бир йилда икки маротаба республикамизнинг тарихий шаҳарларига бепул саёҳатлар ҳамда театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилади. Тарбияланувчилар давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан бир йилда икки марта бепул тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилади.

Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларга берилаётган соғломлаштириш оромгоҳига ва саёҳатга бориш, театр томошалари ва концертларда қатнашишга оид имтиёзлар оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларнинг ўз фарзандларига ҳам татбиқ этилади.