Оилавий жанжал сабаб 30 ёшли йигит ўз жонига қасд қилишга уринди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда ХТББ алоҳида отряди  ХПБ ходими, капитан А.Хатамовга 1967 йилда туғилган, Ангрен шаҳрида яшовчи  Х.С. исмли аёл ва 1963 йилда туғилган Н.У. исмли фуқаролар мурожаат қилди.

Улар мурожаатда ўғли, 1990 йилда туғилган П.Н., турмуш ўртоғи билан бўлган оилавий жанжал сабабли ҳозирда ўзини “Ўзбеккўмир” АЖ кўмир саралаш парки ҳудудидан оқиб ўтувчи сув каналига ташламоқчи эканлигини айтиб ёрдам сўрашган.

Шундан сўнг воқеа жойига зудлик билан отряд гуруҳ командирлари, катта сержант Ф.Ҳосилов, сержант У.Супиев, сафдор ходимлар А.Тўлабоев, Ш.Нормахматов, Ш.Қурбоновлар етиб боришган. Шу вақт фуқаро Н.П. ўзини ушбу каналга ташлаган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда ХТББ ахборот хизмати хабар беришича, ходимларимизнинг ҳушёрлиги ва фидойилиги сабаб фуқаро зудлик билан қутқариб олинган ва дастлабки ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг мазкур фуқаро ва унинг ота-онаси иштирокида дастлабки суриштирув ва тушунтириш ишлари олиб борилиб, соат 22:00 да Жигаристон МФЙ раиси М.Бобораҳимова иштирокида ота-онасига соғ-саломат топширилди.

Ички ишлар органлари ходимларининг тинч аҳоли фуқароларига кўрсатган беғараз ёрдами, фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатлари бўйича кечиктириб бўлмас тезкор профилактик чораларини кўрсатишда ўз жонбозликларини аямаганликлари учун капитан А.Хатамов бошчилигидаги катта сержант Ф.Ҳосилов, сержант У.Супиев, сафдор ходимлар А.Тўлабоев, Ш.Нормахматов, Ш.Қурбоновлар намунали хизматлари учун ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси томонидан рағбатлантириладиган бўлди.