Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оилавий тадбиркорлик учун 483 миллиард сўм кредит ажратилган

Жорий йилнинг ўтган 7 ойида вилоятимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан 20 мингдан ортиқ лойиҳага 483,5 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Дастурлар доирасида ажратилган кредитларнинг 56,9 миллиард сўми (12 фоиз) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга, 426,6 миллиард сўми (88 фоиз) ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга ажратилган. Бунда асосий эътибор аҳолини қўшимча даромад манбаларига эга бўлишига ҳамда кафолатланган янги иш ўринларини яратишни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилди.

Кредитларнинг 92,9 фоизи (449,2 миллиард сўм) “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури, 7,1 фоизи (34,3 миллиард сўм) бошқа дастурлар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу маблағларнинг 194,5 миллиард сўми хотин-қизлар тадбиркорлиги, 184,5 миллиард сўми ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга ажратилган.

Дастурлар доирасида ажратилган кредитлар йўналишлар бўйича ишлаб чиқаришга 18,8 миллиард сўм, чорвачилик учун 92,4 миллиард сўм, иссиқхонага 41,9 миллиард сўм,  тикувчилик учун 41,6 миллиард сўм, хизмат кўрсатишга 193,9 миллиард сўм ҳамда бошқа йўналишлар (боғдорчилик, балиқчилик ва бошқа)га 94,9 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.