Оилавий зўравонлик миллатимизга зид ҳаракат

Самарқанд шаҳрида “Оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгусидаги вазифалар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари иштирок этган тадбирда оилавий зўравонликларнинг олдини олиш, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Дастлаб мавзуга доир видеоролик намойиш этилди. Унда оила ва жамиятда аёлнинг ўрни, унинг ҳуқуқлари, болаларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш каби мавзулар акс эттирилган бўлиб, у орқали болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги кўрсатиб берилди.

Семинарда вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Толиб Бойзоқов ва Олий суд судьяси Муроджон Абабакиров ушбу тоифадаги ишларни судларда кўриш жараёнидаги амалиёт, суриштирув ва тергов органларидаги процессуал ҳаракатлар, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида гапириб, статистик маълумотларни очиқлади. Суд, прокуратура ва ички ишлар идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.

Оилавий зўравонликларнинг олдини олишда хотин-қизлар фаолларининг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Раъно Тошниёзова маҳаллаларда бу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди. Бу жараёнларда маҳалла еттилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ўзининг ижобий натижасини беришини таъкидлади.

Семинар якунида оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши қатъий кураш олиб бориш бўйича таклифлар билдирилди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.