ОИТС: “+90+90+90” ёки даволаниш кўрсаткичи ошди. Натижа-чи?

ОИТС ҳақида бир пайтлар нафақат аҳоли, балки оммавий ахборот воситаларида ҳам аллақандай қўрқув ва мавҳум ҳодиса ҳақида гапирилгандай фикр билдириларди. Бу эса касалликнинг янаям кенг тарқалишига, хасталарнинг эса даволанмай, ўз ҳаётини қисқартиришига, яқинлари, атрофдагиларни хавф остига қўйишига сабаб бўларди. Бугун бу хасталик, афсуски, орамизда, у ҳақда бемалолроқ гапиришимиз эса яхши.

ОИТС билан хасталанганларни даволаётган мутахассисдан бугун беморларни даволашга қандай жалб қилиш ҳақида эмас, балки даволаш бўйича қандай янги шарт-шароитлар яратилаётгани ҳақида сўраймиз. 

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори, Самарқанд давлат тиббиёт институти эпидемиология кафедраси мудири Зокир УМРЗОҚОВ билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

- Мазкур хасталикка қарши курашиш дунё миқёсидаги асосий масалалардан бири саналади. Бу жараён Самарқандда қандай кечмоқда?

- 2020-2021 йил USAID ташкилоти томонидан ОИВ/ОИТС пандемиясини тугатиш “Тенгсизликни йўқ қилиш, ОИТСни тугатиш, пандемияни тўхтатиш” шиори остида ўтмоқда. 

Бутун дунёда ОИТС пандемиясини тугатиш мақсадида Париж декларациясида “+90+90+90” тамойили қабул қилинди. Париж декларациясини амалга ошириш мақсадида 2020 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун USAID раҳбари ва Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан катта шаҳарларда ОИТС эпидемиясини тўхтатиш бўйича декларация имзоланди. Шу асосида ОИТСни тугатиш, барча одамларга сифатли ҳаёт кўрсаткичини яхшилашга йўналтирилган профилактика, даволаш, парваришлаш йўлга қўйилган. 

“+90+90+90” тамойили нима дегани? Ушбу тамойилга кўра, 90 фоиз ОИВ инфекцияси билан зарарланганлар ўз мақомини (ОИВ билан зарарланганлигини) билиши, 90 фоиз ОИВ билан зарарланганларнинг вирус юкламаси миқдори паст даражада бўлиши ва 90 фоиз ОИВ билан зарарланганлар ўта фаол АРВ (антиретровирусга қарши) дори воситалари билан қамраб олиниши белгиланган. Шунингдек, 2030 йилга бориб болалар ўртасида ОИТС пандемиясини тугатишга эришиш кўзда тутилган.

- Демак, вилоятда ушбу кўрсаткичга эришиш йўлида аниқ ишлар олиб бориляпти, шундайми?

- Шундай. 2021 йилда ОИВ инфекцияси билан диспансер назоратига олинган беморларнинг 76,3 фоизи ўта фаол АРВ, яъни антиретровирус терапия курси билан қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2018 йилда 52,4 фоизни ташкил этган эди. Яқин келажакда, яъни 2025 йилга бориб кўрсаткични 95 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ОИВ билан яшовчи шахсларнинг 93,7 фоизи, шу жумладан, диспансер назоратида турган шахсларнинг барчаси касаллиги бўйича ўз мақомини билади.

- ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш учун дунё стандартларига мос келадиган асбоб-ускуналарга эга бўлиш асосий ролни ўйнайди. Бу борада сиз раҳбарлик қилаётган марказда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Вилоятда айни пайтда ОИВ инфекцияли беморларни фаол аниқлаш учун 8 та ИФА анализатор, 8 та вошер, 8 та редир компьютер ва принтер мосламаси, беморларда вирус юкламасини аниқлаш учун 2 та ротер G ишлатилмоқда. Булар сўнгги русумдаги технологиялар. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ёрдамида 96 талик ДНК технологияли ротер аппаратлари харид қилинди. Бунинг натижасида ОИВ статусли беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришилмоқда.

Беморларнинг иммун статусини аниқлаш учун 2 та цитофлюрометр замонавий аппаратдан фойдаланилмоқда. ОИВ билан зарарланган беморларнинг қон таҳлилини аниқлаш учун гемотологик, биокимёвий ва сийдик анализаторлари жамланмаси ишлатилмоқда.

2020 йилда Глобал жамғармаси томонидан GENEXperte аппарати ажратилди ва ОИВ билан яшовчи шахсларнинг вирус юкламаси ва сил таёқчаларини эрта аниқлаш йўлга қўйилди.

2021 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 миллион сўмга 2 дона термостат, 2 дона қуритиш шкафи харид қилинди. Марказ биноси таъмирланди ва барча шарт-шароитларга эга бўлди. 

Замонавий технологияларни юритиш, янгича ишлаш механизмларидан бохабар бўлиш учун ходимларнинг қўшимча ўқитилиши йўлга қўйилганми?

- Албатта, бу касалликни даволаш доимий изланишни талаб этади. 2021 йилнинг март ойида Марказий Осиё ўқув маркази томонидан “ОИВ ва гемоконтакт инфекциялар бўйича” 15 нафар тренер тайёрланди. Миллий тренерлар томонидан 287 нафар врачлар ва 250 нафар ўрта тиббиёт ходимлари “ОИВ ва гемоконтакт инфекциялари” мавзусида малака оширди. 

Ўзим шу йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясида малака оширдим. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўқитувчилари томонидан марказнинг 30 нафар ходими касбий малакасини оширди.

- Профилактик нуқтаи назардан тарғибот – бу хасталикнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада янгича ёндашувлар борми?

 - Ёшларни огоҳликка чақириш маъносидаги анъанавий учрашувлар, давра суҳбатлари барча таълим муассасаларида доимий равишда ўтказиб келинади. Шунингдек, кейинги пайтларда профилактика мақсадидаги тарғиботларнинг бошқа шакллари ҳам ўтказилаётир. Хусусан, бу йил “Биз ёшлар ОИТС ва гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида 5000 қадам юриш марафони ўтказилди. 

Шунингдек, аҳолининг турли қатламлари ўртасида доимий равишда суҳбатлар олиб бориляпти, ОИВ профилактикаси бўйича видеоролик намойиш этилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ОИВ инфекцияси бўйича тиббий маданиятини ошириш мақсадида марказ томонидан ишлаб чиқилган буклетлар тарқатилмоқда.

Г.Мўминова суҳбатлашди.