Округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди

Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сайлов кодексининг 21-моддасига кўра, округ сайлов комиссияси тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг олти-саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

– Халқ депутатлари Самарқанд  вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун Е-сайлов тизими орқали бизга, яъни вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган, – деди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Тақдим қилинган маълумотларга кўра, округ сайлов комиссиялари таркиби жами 660 кишидан иборат бўлиб, улар жамоатчиликнинг обрўли вакиллари ҳисобланади. 268 нафари (41 фоизи) хотин-қизлар. 427 киши (65 фоиз) аввал сайлов комиссиялари ишида қатнашган, бу борада тажрибага эга. Мутахассислиги бўйича комиссия аъзоларининг 334 нафари (51 фоизи) педагог, 87 нафари (13 фоизи) иқтисодчи, 56 нафари (8 фоизи) шифокор, 32 нафари (5 фоизи) муҳандис ходимлар.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ сайлов комиссияси таркибини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Округ сайлов комиссия таркиби оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.

Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.