Олима, устоз, шифокор

Нилуфар Хушвақтова Самарқанд давлат тиббиёт институтини битиргач, болалардаги хасталикларни чуқурроқ ўрганишга, тадқиқ этишга киришди. Мамлакатимизда тиббий соҳага қаратилган эътибор, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга бўлган ғамхўрликлар соҳада замонавий интилишларни рўёбга чиқаришга йўл очганди. Шу боис бўлғуси олима ва шифокор устозлари йўл-йўриқларига амал қилиб, ўқиди, ўрганди, тажриба орттирди. Натижада 2001 йилда номзодлик, 2016 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида иш олиб бориш билан бирга, Самарқанд давлат тиббиёт институти лор кафедраси мудири бўлган Н.Хушвақтова меҳнат фаолияти давомида бир неча бор халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларда ва оториноларингологлар конгрессларида илмий чиқишлари билан иштирок этди. Бундан ташқари олима Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси томонидан тасдиқланган 6 та рационализаторлик таклифига, 2 та патентга эга бўлди.

– Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинганлиги биз, шифокор ва олимларни ҳам фаолликка ундади. Шу маънода, ўқув жараёнида янги технологиялар, интерфаол усуллар ва электрон ўқитиш воситаларини қўллаб келмоқдамиз, – дейди Нилуфар Хушвақтова. – Жумладан, болаларда ирсий носиндромал нейросенор гарангликни эрта аниқлашда тест тизимини ишлаб чиқиш гранти устида олиб бораётган илмий изланишимиз натижаси ўлароқ 2018 йилнинг бошида мазкур грантни ютиб олдик. Бунда шубҳасиз, институтимиз раҳбарияти бизга катта амалий кўмак берди. Эндиликда бу ишларни кенгроқ миқёсда олиб бориб, касаллик амалий жиҳатдан янада чуқурроқ тадқиқ этилади. Бу эса ушбу хасталикка чалинган болаларни даволашда муҳим аҳамиятга эга.

Аминжон FАФФОРОВ.