Олимлар Антарктидадаги йирик музлик тезлик билан эриётганини аниқлади

Бунинг оқибатида эса дунё океан сатҳи кўтарилиб, кўплаб ҳудудларда сув тошқинлари кузатилиши мумкин. 

CNN хабарига кўра, олимлар 6 йилдан буён Антарктидадаги энг йирик — “Қиёмат музлиги”ни ўрганиб келмоқда. Эълон қилинган сўнгги хулосада музнинг эриши кескин ортгани маълум қилинган. Агар бирор бир жиддий ўзгариш юзага келмаса 200 йилдан сўнг бутун Антарктидада муз қатлами қолмайди. 

Маълумотда келтирилишича, биргина “Қиёмат музлиги”нинг эриши денгиз сатҳининг 60 сантиметр кўтарилиши учун етарли бўлади. Шунингдек, бу музлик бошқа қатламларни ушлаб тургани боис унинг эриши оқибатида денгиз сатҳи 3 метрга кўтарилиб, АҚШ, Буюк Британия, Бангладешдаги бир қатор шаҳарларни хавф остида қолдиради.