Олий таълим муассасалари битирувчиларининг қанчаси иш билан таъминланди?
Бугун ишсизлик муаммоси нафақат Самарқанд вилоятида, балки республикамизда долзарб масалалардан биридир. Шу сабабли олий таълим муассасаларини битирган айрим ёшлар ҳам ишга жойлашишга қийналади. Кимдир ўз мутахассислиги бўйича иш тополмаса, кимдир маоши камлиги боис ишлашни истамайди. Хўш, 2019-2020 ўқув йилида Самарқанддаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг қанчаси иш билан таъминланди?
Самарқанд давлат университетини 2019-2020 ўқув йилида жами 2115 нафар талаба битирган бўлиб, шундан 1879 нафари бакалавриат, 236 нафари магистратура йўналишида таҳсил олган.
Бугунги кунга қадар битирувчиларнинг 1925 нафари ишга жойлашган, 190 нафари эса ишга жойлашмаган. Ишга жойлашмаганларнинг асосий қисми ёш болали аёллардир.
Самарқанд давлат тиббиёт институтини жорий йилда 585 нафар бакалавр битирган. Шундан 280 нафари ишга кирган бўлса, 236 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирган, 21 нафари декрет таътилида, 48 нафари вақтинча ишсиз.
Шунингдек, жорий йилда магистратурани 76 нафар талаба битирган, уларнинг 66 нафари ишга кирган, 5 нафари декрет таътилида ва 5 нафари вақтинча ишсиз.
Самарқанд давлат чет тиллар институти бакалавриатини 596 нафар талаба битирган. Битирувчиларнинг 174 нафари грант асосида, 422 нафари контракт асосида таҳсил олган. Ҳозирги кунда умумий бакалавр битирувчиларининг 445 нафари иш билан таъминланган.
Институтда магистратурани 103 нафар талаба битирган бўлиб, уларнинг 13 нафари грант асосида, 90 нафари контракт асосида таълим олган. Бугунги кунгача 85 нафар магистрнинг бандлиги таъминланган.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида жорий йилда 1004 нафар битирувчидан 213 нафари ишга жойлашган, холос. 791 нафар битирувчи эса ишга кирмаган.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини ўтган ўқув йилида 824 нафар талаба битирган. Уларнинг 782 нафари бакалавр, 42 нафари магистрлик дипломини олган. 124 нафар битирувчининг бандлиги таъминланмаган.
Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалини бу йил 345 нафар талаба битирган. Уларнинг 249 нафари ишга жойлашган бўлса, 96 нафари ишсиз.
Шунингдек, вилоятдаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ҳали битирувчилар мавжуд эмас.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти битирувчиларининг қанчаси ишга жойлашгани ҳақида маълумот ололмадик.