Олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган мактаблар билан ишладими?

Ургут туманидаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим жараёнига янгича ёндашув, ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари ҳамда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини яхшилаш мақсадида Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали бириктирилган.

Жорий йилнинг 5-6 май кунлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими, Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ходимларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи мактабларга бириктирилган олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганди.

Тумандаги 1-секторда 36 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларга Самарқанд давлат тиббиёт институти бириктирилган. Ўтган беш ой давомида институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари мактабларга ҳар ҳафтада белгиланган кунларда келиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишган, ҳар бир мактаб билан икки томонлама меморандумлар имзоланган.

Ургут тумани ҳокими Б.Жабборов ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Ж.Ризаев ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унга кўра, институт томонидан 17 та мактабга 60 дона компьютер берилган.

Шунингдек, институтнинг стоматология факультети ташаббуси билан бириктирилган мактабларнинг барчасида “Соғлом турмуш тарзи” бўйича ўқувчилар тиббий кўрикдан ўтказилган.

Битирувчи синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб ўтказилган сўровномалар асосида тумандаги 118- ва 29-умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчиларига институт ўқитувчилари томонидан биология, кимё, физика фанларидан уч ойдан буён қўшимча дарслар ташкил этилган. Ўқувчиларнинг олган билимларини сарҳисоб қилиб бориш учун ҳар ойда назорат тестлари олиб келинмоқда.

Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти масъул бўлган 2-сектор ҳудудида жойлашган 37 та мактаб ўрганилганда, мактабларга бириктирилган масъуллар томонидан мутахассис ўқитувчиларни ўқитиш методикаси ва мутахассислик фанларидан қўшимча адабиётлар билан таъминлаш вазифаси берилган бўлса-да, сектордаги 11 та мактабда шу кунга қадар ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган.

7 та мактабга АКТ воситаларидан фойдаланиш ҳамда фанларга оид интернет тармоғидаги сайтларга кириб маълумотлар олиш учун кўрсатма ва топшириқлар бериш борасида услубий ёрдам кўрсатилмаган.

Шунингдек, 18 та мактабда ҳамкорликда таълим сифатини кўтариш ва йил давомида амалга оширилиши керак бўлган ишлар режалаштирилмаган. Масъуллар номигагина мактабларга бориб, ҳисобот учун маълумот тўплаш билан чекланган, холос.

Мактаб битирувчиларини касбга йўналтириш ишлари соҳалар кесимида туман ҳокимлиги, бандлик бўлими, мавжуд корхона ва ташкилотлар, тижорат банклари, тадбиркорлар ҳамда маҳаллий депутатлар иштирокида битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан қатъий топшириқлар берилишига қарамасдан ушбу масалаларга 15 та мактабда умуман эътибор қаратилмаган.

37 та мактабнинг бирортасида ОТМ масъуллари томонидан мактаблар ўртасида кичик фан олимпиадалари ташкил этилмаган.

Институтга бириктирилган мактаб кутубхоналарида ўқувчиларнинг “Шахсий варақаси” юритилишини таҳлил қилиш ҳамда кутубхонанинг китоб фондини ўрганиш ва уни босқичма-босқич бойитиб бориш юзасидан ҳеч қандай амалий ишлар олиб борилмаган.

Мактабларда таълим тизимига доир республикамиз ва хорижий давлатлардаги педагогларнинг илғор иш тажрибалари ёритилган сайтлардан фойдаланиш даражасини ошириб боришни ташкил қилиш юзасидан мактабларда бирон бир иш амалга оширилмаган.

2-сектор ҳудудидаги 9 та мактабда 27 нафар мутахассисга эҳтиёж бўлса-да, уларнинг ўрнини малакали мутахассислар ва олий таълим муассасалари битирувчи курс талабаларини жалб қилган ҳолда қоплаш чораларини кўрилмаган.

Мактаблардаги ўқитувчилар сифат таркиби, тоифаларига қараб ўқитувчилар ўз устида ишлашлари учун ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик вазифалар белгилаб берилиш ҳолати олий таълим муассасасидан бириктирилган масъуллар томонидан бугунги кунга қадар назоратдан четда қолган.

Шу билан бирга тумандаги 143-, 145-, 150-мактаблар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалига бириктирилган бўлиб, ўтган вақт давомида таълим сифатини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан бирорта ҳам иш амалга оширилмаган.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети масъул бўлган 2-сектор ҳудудида жойлашган 12 та мактаб ўрганилганда, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларидан ҳар ойда бир марта ўтказиладиган назорат ишлари 2020 йилнинг декабрь ойида она тили, инглиз тили, рус тили, математика, биология фанларидан ўтказилган, лекин натижалар эълон қилинмаган. Шундан сўнг мактаблар билан алоқалар узилган, ўтган 4 ой давомида институт маъмурияти ёки бириктирилган масъуллар бирор маротаба мактабларга келмаган. 

Самарқанд давлат университетига 3-сектордаги 32 та мактаб бириктирилган бўлиб, бугунги кунда бир қатор самарали ишлар амалга оширилган.

Ўқитувчиларининг салоҳияти ва дарс самарадорлигини аниқлаш мақсадида улар дарс берадиган синф ўқувчиларидан ўқув дарсликлари асосида синовлар ўтказилган. Жумладан, она тили ва адабиёти, биология, математика, кимё ва бошқа фанларидан 5 мартадан тест синовлари ўтказилиб, самарадорлик эълон қилинган.

Бириктирилган мактабларга университет томонидан 9200 га яқин турли номдаги илмий, бадиий китоб жамланмалари етказиб берилган.

Шунингдек, университет фондидан жорий йилнинг март, апрель ойларида 15 та компьютер жамланмалари эҳтиёжи мавжуд 3-, 66-, 70-мактабларга берилган. Шу билан бирга ўқувчи-қизларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва касбий қизиқишларини эътиборга олган ҳолда 66-, 70-мактабларга биттадан тикув машинаси берилган.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари учун таълим йўналишлари бўйича қўшимча ўқув курслари ташкил қилинган. 10-11-синф ўқувчиларининг танлаган таълим йўналишларига доир олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари ДТМ базаси орқали белгиланган фанлар бўйича синовлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Ҳали олдимизда олий таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошириладиган ишларимиз ва муаммоларимиз талайгина. Масалан, мутахассис фанлардан етишмайдиган ўқитувчилар муаммоси жорий ўқув йилининг сентябрь ойида ўрганилганда тумандаги 53 та мактабда 23 та фандан 145 нафар ўқитувчига эҳтиёж борлиги аниқланган.

Бугунги кунда 10-мактабга инглиз тили ва информатика фанларидан 4 нафар, 74-мактабга кимё фанидан 1 нафар, 30-мактабга кимё, информатика, рус тили ва инглиз тили фанларидан 5 нафар, 32-мактабга технология, тарих, инглиз тили фанларидан 3 нафар, 8-мактабга инглиз тили фанидан 3 нафар, 69-мактабга кимё, инглиз тили, математика, география фанларидан 4 нафар ўқитувчига бўлган эҳтиёж педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 4-курс талабалари ҳисобидан қопланган.

Лекин бу масала ўқув йили якунига саноқли кунлар қолганига қарамасдан бошқа мактабларда муаммолигича турибди. Жумладан, бугунги кунда 3-сектордаги 13 та мактабда жами 11 та фандан ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжлар қопланмаган. Натижада бу фанлардан номутахассис ёки оширилган дарс ставкаси ҳисобидан дарслар ўқитувчиларга бўлиб берилган.

Ушбу сектордаги қолган 12 та мактаб “Ипак йўли” туризм халқаро университетига бириктирилган бўлиб, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва мактаб директорлари томонидан ушбу мактаблардаги фанлардан ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж муаммоси бартараф этилмаган. Натижада 58-мактабда тасвирий санъат, 78-мактабда рус тили, инглиз тили, 131-мактабда биология, физика, рус тили фанидан дарслар ўтилиши сафатсиз ва номутахассис ўқитувчиларга тақсимланган ҳолда ўтилмоқда.

4-секторда ҳам 23 та мактабдан 10 тасида фанлардан ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд. Тумандаги қолган 1-2-секторларда жойлашган мактабларда ҳам ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжлар тўлиқ қопланмаган ва мавжуд муаммолар бартараф этилмаган.

Иккинчи масала - битирувчиларнинг ОТМларига кириш кўрсаткичини яхшилаш ва уларга шарт-шароитлар яратиш бўйича Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўқувчилардан назорат тестлари олинган холос. Қолган 2-, 3-, 4-сектордаги мактабларга бириктирилган Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти, “Ипак йўли” туризм халқаро университети томонидан назорат тестлари ўтказилмаган ва таҳлил қилинмаган.

Фанлардан олинган назорат тест натижалари эса қониқарсиз, яъни ўқувчиларни ўртача ўзлаштириш даражаси умумтаълим фанларидан 30 фоизни ҳам ташкил этмаган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан мактаб директорлари ва мактаб ўқитувчилари томонидан бирорта ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, мактаб битирувчиларининг ОТМга кириш истагида бўлганларини мактаб директоридан тортиб, барча ўқитувчиларга бириктириш муддати 2021 январь ойида амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ўрганилган 100 дан ортиқ мактабларни бирортасида ушбу ишлар амалга оширилмаган.

Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Иқтидорли ўқувчилар” телеграм каналларини мактаблар билан ҳамкорликда ташкил этиш, ОТМ ва мактаб ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларини аъзо қилган ҳолда ҳафталик савол-жавоб материалларини юклаб бориш, уларни рағбатлантириш ишлари эътибордан четда қолган.

Ғайрат Бобохолов,

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи.