Оммавий ахборот воситалари - жамият кўзгуси

Самарқанд шаҳрида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимиздаги таҳририятларда меҳнат қилаётган фаол ижодий ва техник ходимлар, нашриётлар вакиллари, ҳокимлик ва ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари ҳамда блогерлар қатнашди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини байрам билан қутлади.

- Бир пайтлар Самарқандда содир бўлган воқеадан шу ҳудуд аҳолиси бехабар қолган, - деди Э.Турдимов. – Бугун эса одамлар ҳар қандай воқеа-ходиса, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мамлакатимизнинг чекка қишлоғида бўладими, ҳорижий давлатда бўладими дарров хабар топяпти. Бу эса очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлигига қаратилаётган эътибор самараси. Бугун ҳар қандай раҳбарни сергак тортиришда ҳам журналистларнинг ўрни алоҳида. Нафақат расмий оммавий ахборот воситалари ходимлари, балки холис фикри билан ижтимоий тармоқларда қатнашиб юрган фидойилар, блогерлар ҳам жамият ривожи йўлида фаол эканлиги қувонарли, албатта. 

Ўтказилган тадбирда “Самарқанднинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалар топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Жасурбек ШУКУРОВ(сурат).