Омонатга хиёнат: «Қишлоқ қурилиш банк»да фуқаронинг 300 миллион сўм пули ўзлаштирилган

«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Каттақўрғон филиалида содир бўлган бўлган бу ҳолатни омонатчи фуқаро банкнинг бўлим бошлиғи ўзгаргач, билиб қолган. Яъни, барча қилғилик аввал филиалда аҳоли омонатлари билан ишлаш шўъбаси бошлиғи – давлат иштирокидаги ташкилотнинг мансабдор шахси томонидан амалга оширилган бўлган.

Суд ишида аниқланишича, 2015 йил декабрь ойида фуқаро Ж.А. (аёл киши) банк муассасасига 200 миллион сўм омонат маблағини қўйган. Унга шахсий омонат ҳисоб рақами очиб берилиб, дафтарча расмийлаштирилган. 2016 йил январь ойидан омонат маблағи ҳисобидан ойлик фоиз тўловларини ойма-ой олиб келган.

Бир муддат ўтиб яна 100 миллион сўм маблағ омонатга топширган. Таассуфки, фуқаронинг жами 300 миллион сўм пули орадан кўп ўтмай сохта чиқим ордерлари билан нақдлаштириб олинган.

Аниқроқ айтганда, омонатчининг маблағидан давлат иштирокидаги банк даромад кўрмаган, унга фоизлар ҳисобланмаган. Лекин фуқаро олиши керак бўлган сумма ҳеч муаммосиз тўлаб берилган. Қизиқ-а?

Аслида ҳаммаси “рисоладагидек” кетаётган бир вақтда фуқаронинг муддати тугаган омонат дафтарчасини алмаштирмоқчи бўлгани ишнинг мисини чиқарган. У банкка келган вақтда аҳоли омонатлари билан ишлаш шўъбаси бошлиғи ўрнида нотаниш шахсни кўради. Ҳеч иккиланмай, омонат дафтарчасини янгилаб беришни ва, табиийки, ҳисобланган фоизларни сўрайди.

Ҳеч нарсадан хабари йўқ янги шўъба бошлиғи тизимдан Ж.А. га тегишли маълумотларни текшириб кўриб, унинг омонатга қўйган маблағлари аллақачон 10 дан ортиқ чиқим ордерлари билан кассадан нақд пулда олинганини айтади.

Албатта, Ж.А. раҳбарга шикоят учун кирмоқчи бўлади, аммо у иш ўрнида йўқ эди. Шу сабаб мурожаат прокуратурага йўлланади. “Қозон қопқоғи” шу тарзда очилади...

Ҳолат юзасидан АТБ «Қишлоқ қурилиш банки» Каттақўрғон филиали биносида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Филиалнинг аҳоли омонатлари билан ишлаш шўъбаси бошлиғи ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги сингари жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Давлат иштирокидаги ташкилот мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлгани ҳамда ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани учун тегишли жазо тайинланди.

Суд ҳукмига кўра, 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда, шунингдек давлат органининг хизматчиси вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, ҳар ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Суд айбдорнинг пулларни ўзлаштирганлиги ҳолатидан банк бошқарувчиси ва ўринбосари бевосита хабардор бўлиб, уларнинг топшириқлари асосида пулларни ўзлаштирганлиги борасидаги кўрсатувларини ғаразли мақсадларда банкнинг шу вақтдаги бошқарувчиси ва ҳозирги бошқарувчисини ҳам жиноий жавобгарликка торттириш ва етказилган зарарларни уларнинг ҳисобидан ундириш мақсадида ўйлаб топган важлари сифатида баҳолади.

Дарвоқе, вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига етказилган зарарни қоплашни таъминлаш мақсадида тўланган 143 миллион сўм пул жабрланувчига қайтарилиши белгиланган. Унга шунингдек, етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик иш юритуви тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.