“Онамнинг жанозаларига бораётгандим...”. ИИББ янгича фирибгарликдан огоҳлантирди
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.
“Сўнгги вақтларда фуқароларимизга қуйидаги мазмундаги СМС-хабарлар келмоқда: “Ассалому алайкум. Мен онамни жанозаларига бораётганимда йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг”.
Одатда 25 минг сўм, баъзида эса каттароқ маблағ сўрашади. Яъни, муаммо пулда эмас. Ёрдам қўлини чўзган инсонлар кейинчалик билишларича, улардан ёрдам сўраган одам умуман нотаниш кимса бўлган. Оддийроқ қилиб изоҳлаганда, бу фуқароларни алдаш йўлларидан бири.
Ачинарлиси шундаки, инсонларнинг мурувватидан фойдаланган кимсалар сабабли бир марта алданган фуқаролар кейинчалик бировга ёрдам қўлини чўзишдан қўрқиб қолади.
Ҳурматли фуқаролар! Бу каби ҳолатларда нотаниш кишига ёрдам бериш ёки бермасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Аммо алданиб қолмаслик учун барибир эҳтиёткор бўлишингиз зарур”, дейилган хабарда.