Ўқитувчи, ижодкор, давлат арбоби
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Ш.Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳақида сўз юритилади. Чунки у совет тоталитар тузуми даврида фидокорона меҳнати, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан мамлакат, адабиёт ва маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшди.
Ш.Рашидов 1917 йилда Жиззах вилоятининг Совунгарлик (бугунги Шароф Рашидов) қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган.
Унинг отаси Рашид Халилов оддий деҳқон эди. Тонг отгандан кун ботгунга қадар фарзандлари камоли учун далада меҳнат қиларди. Рашид отанинг 6 нафар ўғли бор эди - Камол (1915 йил), Шароф (1917 йил), Сахоб (1920 йил), Исом (1923 йил), Асил (1926 йил), Носир (1930 йил).
Уларнинг ота-онаси ўз даврининг саводли кишиларидан бўлган. Онаси Қўйсиной она қизлар мактабини тугатганди, араб тилида ўқиш ва ёзишни биларди. Рашид ота эса бошланғич таълимни тугатганди.
“Раҳбар давр талабига жавоб бериши учун илмли бўлиши керак”
1926 йилда Шароф Рашидов туғилган қишлоғидаги 7 йиллик мактабга ўқишга борди. 1933 йил мактабни тугатгач, маҳаллий педагогика техникумига ўқишга кирди. Ушбу билим юртини аъло баҳолар билан тамомлаган Шароф 1937 йилда Самарқанд давлат университетининг (Ўзбекистон давлат университети) филология факультетида таҳсилини давом эттирди. Олийгоҳда ўқиш билан бирга “Самарқанд” нашриётида фаолият олиб борди.
Ш.Рашидов давлат раҳбари бўлган даврда ҳам китоб ўқишдан ва китоб ёзишдан воз кечмади. У давр талабига жавоб бериш учун илмли бўлиши, ўз устида тинимсиз ишлаши керак, деб ҳисобларди.
Уруш йилларидаги жасорати
1941 йилнинг июнь ойида СамДУ битирувчилари диплом ишларини ҳимоя қилди. Айни шу вақтда немис фашистлари собиқ иттифоқ ҳудудига бостириб кирди. Бу даврда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли Иккинчи жаҳон уруши авжига чиқди.
1941 йил августда СамДУнинг юзлаб талабалари ва ўқитувчилари урушга кетди. Ш.Рашидов ҳам улар билан бирга, ўз хоҳиши билан қизил армия таркибига қўшилди. У Қирғизистон пойтахти Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрига пиёдалар тайёрлаш ўқув машғулотларига юборилди.
Кейинчалик Москва остонасидаги жангларда мардонавор жасорати учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Иттифоқ мудофаа вазирлиги архивида сақланаётган ҳужжатда шундай дейилган: “Пена ва Аринино қишлоқлари учун кечган жангда рота командири жисмонан йўқ қилинганидан сўнг рота кичик командири Рашидов рота командирлигини ўз бўйнига олди. У ўзининг шахсий қаҳрамонлиги мисолида вазифани ижобий бажариш учун жангчиларни руҳлантирди. Ротанинг олдинги қаторида ҳаракатланди ва жароҳатланди” (1942 йил 28 августда Ш.Рашидовни “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Калининский фронти бош қўмондонининг 306/н-сонли буйруғидан кўчирма).
Далада деҳқон, қурилишда қурувчи, ишлаб чиқаришда ишчи
Оғир жароҳат олиб, Свердловск (Екатеринбург) вилоятининг Ревда шаҳрида узоқ муддат даволангандан сўнг Ш.Рашидов Жиззахга қайтиб келди. Мактабда ўқитувчилар етишмаслиги сабабли у мактаб директорлиги ва ўқитувчилик вазифасини бажарди.
1943 йилда Шароф Рашидов Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) рўзномасига бош муҳарри этиб тайинланди. 1947 йилда у Республиканинг бош нашри “Қизил Ўзбекистон” газетасига муҳаррирлик қилишни бошлади ва Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига сайланди. 1949 йилда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси этиб тайинланди.
1956 йилнинг март ойида Ш.Рашидов собиқ иттифоқнинг марказий қўмитасига 1937-1938 йилларда Ўзбекистоннинг етук олимлари ва адиблари “халқ душмани” тамғаси билан ноҳақ судлангани ва уларни оқлаш лозимлиги талаби билан чиқди.
1959 йилнинг мартида эса у Ўзбекистоннинг биринчи котиби (давлат раҳбари) этиб сайланди.
Шароф Рашидов доимо келажакка интилиб яшади. У бўлиб ўтаётган воқеа ҳодисаларни кенг таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга ўзида кўникма ҳосил қилганди. Тўғри қарорлар қабул қилишида унга журналистика ва адабиёт соҳасидаги тажрибаси кўмакчи бўлди. Умрининг охиригача ижоддан узоқлашмади - ўқиди, ёзди.
Атоқли давлат арбоби, ижодкор ҳеч қачон хонасида ўтириб, телефон орқали буйруқ бермаган. У доимо воқеалар ривожида яшаб, ҳалқнинг ичида юрди ва уларнинг хурсандчилиги ва муаммоларидан хабардор бўлди. Далада деҳқон, қурилишда қурувчи, ишлаб чиқаришда ишчи бўлиб, халққа хизмат қилди.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.