Оқдарё иқтисодиёти: Учинчи тоифага киритилган туманда саноат ва аграр соҳа ривожи қандай?
Оқдарё туманидаги 35 маҳаллада 165 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман ҳудудидан халқаро йўл ўтган, вилоят марказигача 33 километр масофада жойлашган. Бу географик жойлашув маҳсулот етказиш, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ҳам жуда қулай.
Ҳозир туманда 410 та саноат корхонаси фаолият юритади. Йил бошида ҳудудлар тоифаларга ажратилганда шароити нисбатан қониқарли бўлганлиги инобатга олиниб, Оқдарё вилоятимиз туманлари орасида учинчи тоифада қайд этилди. Аммо бу барчаси жойида дегани эмас.
Президентимиз раислигида 2023 йилнинг 10 январь куни саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигини таъминлашда саноат ривожи муҳим эканлигини қайд этди.
Иқтисодий ислоҳотлар натижасида кейинги беш йилда республикамиздаги саноат корхоналари баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробарга ошди. Бу ҳудудлар ривожига ижобий таъсир қилмоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам металлни қайта ишлаш бўйича янги ва йирик лойиҳалар амалга оширилди. Шу билан бирга натижалар имконият даражасида эмаслиги, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, мебель ишлаб чиқариш салоҳияти етарлича ишга солинмагани қайд этилди.
Шу боис йиғилишда жорий йилда саноатни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кўпайтириш ва захираларни ишга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари саноат учун янги имкониятлар ва қўшимча молиявий ресурслар берилишини таъкидлади.
Биринчи имконият – банк нормативлари қайта кўриб чиқилиб, тижорат банкларида корхоналарга кредит ажратиш учун қўшимча 55 триллион сўм ресурс берилади. Бу битта туманда ўртача 20 миллион долларлик қўшимча инвестицияга манба дегани.
Иккинчи имконият - 2023 йилда саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари инфратузилмаси учун 1,7 триллион сўм йўналтирилади. Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиаллари ташкил этилади.
Учинчи имконият - 2023 йилдан иқтисодий ривожланиши орқада бўлган тўртинчи ва бешинчи тоифадаги 60 та туманга 27 турдаги солиқ имтиёзи, субсидия ва преференциялар берилади.
Тўртинчи имконият - гиламчилик, уй текстили, чарм ва заргарлик тармоқлари учун тақдим этилаётган енгилликлар. Унга кўра, 2023 йилда тўқимачилик лойиҳаларига қўшимча 300 миллион доллар йўналтирилади. Чарм-пойабзал саноатида 200 дан ортиқ турдаги импорт хомашё бўйича божхона имтиёзлари уч йилга узайтирилади. Заргар тадбиркорларга хомашёни чегирма билан сотиб олиш имконияти ҳамда солиқ, божхона ва банк имтиёзлари берилади.
Президентимиз бу имкониятларни аҳоли ва тадбиркорларга етказиб, жойларда лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга саноат кооперациясини кенгайтириб, 6 миллиард долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган 3 мингга яқин лойиҳани вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Умуман, барча манбалар эвазига жорий йилда саноатни 14 фоизга ошириш имконияти борлиги билдирилди.
Ишчи гуруҳ ўргангач...
Берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Э.Турдимов Оқдарё туманидаги ҳолат билан танишди. Вилоят ҳокими бир қатор соҳалар, жумладан, тумандаги драйвер соҳаларда камчиликлар борлигини, имкониятдан тўлалигича фойдаланилмаётганини билдирди. Шу боис, бир неча кун давомида вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи туманда саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларни янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадни кўпайтириш борасидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўрганишлар олиб борди.
Туманда жами 2770 та корхона давлат рўйхатидан ўтган ва ҳозирда уларнинг қарийб 200 га яқини фаолият юритмайди. Саноат, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида 1821 та корхона ўрганилганда 322 та корхона ишлаб чиқариш (516 067,7 миллион сўмлик) ҳажмини камайтирган, 1500 дан ортиқ корхона «0» ҳажм берган бўлса, яна шунча корхона ишчилар сонини 2 нафар ва ундан кам кўрсатган, 1360 та корхона солиқ тўламаган.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, хизмат кўрсатиш соҳасида туманда 488 та корхона томонидан 2022 йилда 786 миллиард сўмдан ортиқ хизматлар кўрсатилиб, 2021 йилга нисбатан 13 фоиз ўсишга эришилган. 923 та савдо корхонасида 657 миллиард сўмлик тушум таъминланиб, 2021 йилга нисбатан 107 фоиз ўсиш таъминланган. Лекин бу энг юқори натижа эмас, туман имкониятларидан келиб чиқадиган бўлсак, соҳа фаолиятини ривожлантириш орқали ўсишни 20 фоизгача ошириш мумкин. Хўш, бунга қандай эришилади?
- Бунинг учун туманни маҳаллабай, секторбай саноат, хизмат кўрсатиш ва савдо йўналишларига бўлдик, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёр Ашуров. – Ҳар бир маҳаллага ҳоким ёрдамчиси ва солиқ инспекторини бириктириб, юридик корхоналарнинг ҳолатини мониторингдан ўтказяпмиз. Фаолиятни кенгайтириш, ривожлантириш борасида тўсиқлар бўлса, ёрдам кўрсатилади. Ўрганишлар натижасида 488 та корхонадан 399 таси икки нафардан кам ишчи кўрсатгани маълум бўлди. Жорий йилда ҳажм камайтирган, «0» ҳажм топширганлар, иккита ва ундан кам ишчи кўрсатганлар ва солиқ тўламаганлар билан ишлаймиз. 2022 йилда хизматлар соҳасида 915,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилиб, ўтган йилдагидан 115 фоизга ошган. Бу кўрсаткични янада яхшилаш учун жорий йилда қиймати 244,5 миллиард сўмлик 317 та янги лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Яъни, маиший хизмат, меҳмонхона, савдо, таълим, кафе ва ресторан, тиббиёт, автотеххизмат, уй тадбиркорлиги ва уй текстили соҳаларида янги лойиҳалар ишга тушади. Ушбу лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши қарийб минг нафар аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлайди.
Бундан ташқари, хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида енгил конструкцияли шохобчалар қуриш учун К-савдо электрон аукцион тизими орқали маҳалла марказлари, халқаро йўл ёқалари аукцион савдоларига қўйилади. Натижада, 2023 йил якуни билан туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 905 миллиард сўмдан ортиқ савдо соҳасида эса 764 миллиард сўмдан ортиқ ҳажмга эришиб, 15-16 фоиз ўсиш кутилмоқда.
Хорижий сармоя иқтисодиёт ривожининг асоси
Туманда тўғридан-тўғри инвестиция жалб этиш, саноатни ривожлантириш борасида ҳам бир қатор муҳим чоралар белгиланган.
- Вилоят ҳокимининг топшириғи асосида саноат салоҳиятини ошириш учун корхоналарни тўрт гуруҳга бўлиб ўрганиш белгиланди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Нодир Маматкаримов. – Булар - 178 та тўқ қизил рангдаги ҳажм, солиқ, иш ўрни кўрсатмаган корхоналарни чуқур ўрганиш тавсия этилди. Иккинчи – қизил рангга кирувчи 178 та муаммоси бор корхона. Улар солиқда ишчи ўрин кўрсатган, аммо ҳисобот топширмаган. Учинчи - сариқ гуруҳдаги 14 та корхона ҳажм, солиқ ҳисоботларини топширган, лекин ишлаб чиқариш камайган. Тўртинчи - яшил гуруҳдаги 40 та салоҳиятли ҳажми кўрсаткичлар даражаси ошган корхонага кўмаклашилади.
Тумандаги саноат корхоналари томонидан 2022 йилда 619,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 926,1 миллиард сўмга, ўтган йил билан солиштирилганда ишлаб чиқариш ҳажмини 17,6 фоизга ошириш белгиланган. Хўш, бу натижага қандай эришилади?
- Биргина ишлаб чиқариш эмас, тўғридан-тўғри инвестиция жалб этишни ҳам режалаштирганмиз, - сўзида давом этади Н.Маматкаримов. – Юқорида айтганимдек тумандаги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни тизимли ташкил этиб, уларнинг муаммоларига ечим топиб бериш билан ишлаб чиқаришни ўтган йилга нисбатан 306,2 миллиард сўмга ошириш имкони бор. Қолаверса, жорий йилда туманда маҳсулотлар экспортини 35,5 миллион долларга етказиш ва ўтган йилга нисбатан 127 фоиз ўсиш режаси ишлаб чиқилди.
Вилоят ҳокимининг топшириғига кўра, 50 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш бўйича вазифалар белгиланиб, тиббиёт, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, инвитро усулида картошка уруғчилик маркази ташкил этиш бўйича қиймати 11,3 миллион доллардан ортиқ бўлган 3 та йирик лойиҳа шакллантирилди. Шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастури доирасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишларида 864,4 миллион сўмлик (2233 та иш ўрни) 462 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар учун жорий йил апрель ойигача тижорат банклари кредит маблағи ажратиш ва йилнинг учинчи чорагигача барча лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси белгиланди. Бунинг натижасида жорий йилда қўшимча 57 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш ҳажми яратилиши кутилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.