Оқдарё туманида кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлаш ва тўлашда қонун бузилишига йўл қўйганлар жавобгарликка тортилди
Туман адлия бўлими томонидан ушбу йўналишдаги муҳим ҳужжат - Президентимизнинг 2020 йил 3 апрель кунги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси мониторинг асосида ўрганилди.
Аниқланишича, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан нафақа тўлаш муддати тугаган кам таъминланган оилаларга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан уларнинг нафақа пулларини тўлашни давом эттиришда қонун бузилишига йўл қўйилган.
Жумладан, Авазали маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Жулиеванинг моддий ёрдам нафақаси муддати 2020 йил март ойида тугаган бўлса-да, 6 ой муддатга танаффуссиз давом эттириш чораси кўрилмаган.
Шунингдек, ушбу маҳалладаги 9 оиланинг, Истиқлол маҳалласида 4 оиланинг, Мустақиллик маҳалласида 1 оиланинг 14 ёшгача боласи учун тўланадиган нафақасини тўлаш танаффуссиз давом эттилмасдан, уларга 2020 йил апрель ойи учун 4 миллион 100 минг сўмлик нафақа пуллари тўланмаган.
Қонун тили билан айтганда, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари мансабдор шахслари томонидан давлат раҳбари қарорининг 2-банди талаби бузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан адлия бўлимининг аралашуви билан фуқароларга 2020 йил март-апрель ойлари учун жами 8 миллион 200 минг сўмлик нафақа пуллари Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши таъминланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда тартибга зид равишда биринчи марта нафақа тайинланган фуқароларга асоссиз равишда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан нафақа тўлаб берилишига йўл қўйилган.
Жумладан, Авазали маҳалласида 10 кишига 2 миллион 577 минг сўм, Мустақиллик маҳалласида 1 кишига 267 минг сўм, Наврўз маҳалласида 2 кишига 730 минг сўм, Учтепа маҳалласида 3 кишига 1 миллион 452 минг сўм, Истиқлол маҳалласида 4 кишига 1 миллион 242 минг сўм, Янгиқўрғон маҳалласида 12 кишига 3 миллион 812 минг сўм нафақа пуллари Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан нотўғри тўлаб берилган.
Туман адлия бўлимининг аралашуви билан ушбу пул маблағларининг Инқирозга қарши курашиш жамғармасига қайтариб тўланиши таъминланди.
Ўз навбатида, юқорида номлари кўрсатилган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, масъул котиблар ва маҳаллаларга бириктирилган туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, суднинг қарори бўйича жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, юқоридаги қарор ижросини таъминлашда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида 35 та огоҳномалар киритилди.
Элбек ДАВРОНОВ,
Оқдарё тумани адлия бўлими бошлиғи.