Оқдарёда «суюқ олтин» етиштирилмоқда
Баргида эса эфир мойлари, алколоидлар, органик кислоталар, фитостеринлар, витамин С ва ошловчи моддалар бор.
Зайтун тиббиётда инсон саломатлигини асрашда жуда самаралидир. Қолаверса, бу дунёдаги жуда узоқ умр кўрадиган ноёб дарахтлардан ҳисобланади. Унинг Яман, Сурия, Испания, Исроилда 2000 йилдан ортиқ умр кўрган навлари бор. Зайтун ёғи кимёвий таркиби жиҳатидан она сути таркибидаги мойга яқин турадиган ягона ўсимлик ҳисобланади. Греция, Италия, Испания каби йирик давлатлар энг катта даромадларни айнан шу зайтун мойидан олганлари учун ҳам уни "суюқ олтин" дейишади.
Мана шундай хазинани юртимизда етиштириш учун кўп йиллар олдин маҳаллийлаштиришни Сурхондарё вилоятида синаб кўришганди. Ҳозир эса юртимизнинг бошқа ҳудудлари қаторида бир неча йил олдин вилоятимизнинг Оқдарё туманида ҳам зайтунзор ташкил этиш ишлари бошлаб юборилганди.
- Ноёб ўсимликларни кўпайтиришга қизиққаним учун 2015 йилда ўз ҳисобимиздан Туркиядан ҳар бири 100 АҚШ долларидан 140 дона зайтун кўчати олиб келиб, хўжалигимиздаги 80 сотих майдонга экдик, - дейди тумандаги «Оқдарё Машраббек» фермер хўжалиги бошлиғи Мавлуда Ашурова. – Зайтун дарахти 4-5 йилда ҳосилга киради. Олтинчи йилга бориб, ҳар бир кўчат 90 килограмгача ҳосил бериб, ундан 30-35 литргача қимматбаҳо ёғ олиш мумкин бўлади. Ҳозирда бу ёғнинг бир литри 80-90 минг сўмдан сотилади ва тўлиқ экспорт бўлади. Икки йил давомида мутахассислар тавсияси асосида керакли озиқлантирувчи дорилар бердик. Аммо зайтун парвариши жуда нозик экан. Чунки бу дарахт 10 даража совуқ ва 40 даражадан ортиқ иссиққа чидамсиз. Шунинг учун бу йилги ёз чилласида кўчатларимизнинг катта қисми қуриб қолди. Агар кўчатларни асраб қололганимизда 1,5 тонна зайтун меваси ва ундан 500 литр ёғ олишимиз мумкин эди. Бу эса хўжалигимизга 40 миллион сўмга яқин дастлабки даромад келтирарди. Шундай бўлса-да, хориждан валюта ҳисобига керакли дориларни келтирдик. Натижада 90 туп кўчатни асраб қололдик. Улар ҳозир бошқатдан янги ниҳоллар чиқариб, яхши ривожланяпти, фақат ҳосил бериш даври бироз кечикди. Қолаверса, зайтунни суғоришда юмшоқ оқар сувдан фойдаланиш талаб этиларкан, хўжалигимиз ҳудудида табиий оқар сув йўқлиги учун артезиан сувидан фойдаланишимиз ҳам кўчатлар парваришини ортга сурди.
Хўжаликда 3х5 схемада экилган кўчатлар ҳосилга киргунга қадар қатор ораларига сабзавот ва такрорий экинлар экилади. Табиийки, суғориш сабзавот ва мевага ҳам бирдек таъсир қилади. Зайтунларни қиш чилласида совуқдан асраш учун кўчатлар полиэтилен плёнка ва бошқа шунга ўхшаш жиҳозлар билан ўралади, аммо ёз чилласида ҳар бир кўчатни жазирамадан сақлашнинг имкони йўқ. Қолаверса, намхуш иқлимни яхши кўрадиган бу мева тўлиқ ўрнашиб, мослашиб олмагунча алоҳида парвариш лозим.
- Шу боис учун зайтунни парваришлаш технологиясини ўзлаштириш учун фарзандларимни Туркиядаги зайтунчилик хўжалигига тажриба оширишга юбордим. Бундан ташқари, келгуси йилдан Хитойдан ўриб олинадиган тут навларини келтиришни ҳам мўлжаллаяпмиз.