Оқдарёдаги ошхонада содир бўлган чақнаш оқибатида 10 киши жароҳатланган

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Оқдарё туманининг Наврўз маҳалласида содир бўлган чақнаш бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, бугун, 19 декабрь куни соат 14:20 да мазкур маҳалланинг Aмир Темур кўчасида жойлашган “Лаззат” ошхонасида чақнаш содир бўлган (воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлган). 

Чақнаш оқибатида ошхонанинг тахминан 40 квадрат метр майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган.

Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган.

Ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23 да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 14:54 да ўчирилган.

Воқеа жойига вилоят ҳамда туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбар-ходимлари, ИИБ, прокуратура, тиббиёт, газ таъминоти корхонаси мутахассислари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.