Оқдарёнинг ипак гиламлари дунёни забт этади

Табиий бўёқлардан фойдаланиб, қўлда тўқилган ипак гиламлар ноёб буюмлар сирасига киради. Уларнинг кўзни қувнатувчи ранглари ва такрорланмас нақшлари ҳар қандай харидорда, айниқса, хорижликларда катта қизиқиш уйғотади. Шу боис нафис ипак гиламлари асосан чет давлатларга экспорт қилинади. Қўл меҳнати билан 6 ой ва ҳатто бир йилгача вақт оралиғида тўқилган гиламларнинг нархи ҳам арзон эмас.

Оқдарё туманида иш бошлаган “Оқдарё ипаги” масъулияти чекланган жамиятида тўқилаётган ана шундай гиламлар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали оилалар фаровонлигини оширувчи муҳим йўналиш сифатида ҳам ўзини намоён қиляпти.

- Корхона иш бошлаган 2017 йилда пиллани қайта ишлаш билан шуғулланардик, - дейди “Оқдарё ипаги” масъулияти чекланган жамияти раиси Ғулом Одилов. – Бунинг учун Халқ банкининг 3 миллиард долларлик кредити эвазига Хитойдан қайта ишлаш ускуналари олиб келиб ўрнатдик. Натижада ҳар йили 250 тонна пиллани қайта ишлаб, ярим тайёр хомашё – ипак тола, момиқ ҳамда қайта ишланган ипак чиқити экспортини йўлга қўйдик. Хусусан, хорижга 2017 йилда 440 минг, 2018 йилда 970 минг, 2019 йилда 1 миллион 89 минг долларлик маҳсулот сотдик. Жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 850 минг долларни ташкил қилган бўлса, йил якунига қадар уни 1 миллион 250 минг долларга етказиш мақсадимиз бор.

Негаки, жорий йилда нафақат Оқдарё, балки Тойлоқ туманида етиштирилган пилла хомашёсини қабул қилиб олганмиз. Яъни, бу йил 400 тонна пиллани қайта ишлаш имконига эгамиз. Шу сабабли илгари маҳсулотни фақат Хитойга экспорт қилган бўлсак, энди Тожикистонга ҳам етказиб беришни бошладик.

Корхонада бандлиги таъминланган хотин-қизлар ўртача 1,5-2 миллион сўм ойлик иш ҳақи олади. Ишга келиб кетишлари учун махсус транспорт ташкил қилинган.

- Жорий йил апрель ойида ипак гилам тўқиш цехини ишга туширдик, - дея сўзида давом этади Ғ.Одилов. - Ўндан зиёд нусхада тўқилаётган гиламлар учун Туркия ва Эрондан буюртмалар олганмиз. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида касаначиликни йўлга қўймоқчимиз. Хотин-қизлар уйларида рўзғор ишлари билан бирга биз берган хомашё ёрдамида гилам тўқишилари мумкин. Бугунги кунда 100 нафарга яқин опа-сингилларимиз устоз-шогирд анъанаси асосида ҳунар сирларини ўрганяпти.

Жамият яқинда Янгиқўрғон пахта тозалаш пунктидаги пиллахонани 20 йилда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган. Бу ерда ипак газлама чиқаришни йўлга қўйиш учун харид қилинган ускуналарнинг биринчи қисми ўрнатилган. Келгуси йилдан маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайдиган цехда 40 дан зиёд янги иш ўрни яратилади. Режага кўра, яқин уч йилда хорижга фақат тайёр маҳсулот чиқарилади ва у европалик харидорларга ҳам етказиб берилади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ.