Ўқитувчи обрўси — миллатнинг обрўси: "Адолат" социал-демократик партияси етакчиси самарқандлик таълим соҳаси вакиллари билан учрашди
Педагогларга тарғибот-ташвиқот ишлари орқали жамиятни маълум нуқтага йўналтирувчи маёқ дея баҳо бериб, улар билан ҳамкорликда ишлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлаш “Адолат” СДПнинг муштарак мақсадларидан бири.
Соҳа вакиллари билан учрашувлар сайловолди даврда, айниқса, қизғин олиб борилмоқда. Хусусан, Самарқанд давлат чет тиллари институтида партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова самарқандлик педагоглар билан учрашди.
Партия етакчиси ўз нутқи аввалида юртимиздаги ҳар бир педагог, таълим соҳаси вакили жонкуяр, фидойи шахс эканини эътироф этиб, уларнинг ўз билим ва маҳоратини доимий равишда оширишида, ҳақ-ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазасини таъминлашда партия уларга доимий елкадош бўлиш учун ҳаракат қилаётганига алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг Р.Маҳмудова “Адолат” СДПнинг ўтган 5 йилликда таълим соҳаси, хусусан, ўқитувчилар мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлари” тўғрисида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, партиянинг ўтган Сайловолди дастурида таълим соҳасида муҳим ўзгаришлар ва ислоҳотлар учун бир қатор таклифлар илгари сурилганди. Масалан, партия фракцияси ташаббуси билан ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 2024 йил 1 февралда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.