"Орази наво" Диёрага "Ниҳол" келтирди

Самарқанд давлат университети талабаси Диёра Жаъфарова Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлди.

Диёра болалигидан санъатга меҳр қўйди. У асосан, поп ва жаз йўналишидаги русча ҳамда инглизча қўшиқларни севиб тингларди. Ўзи ёқтирган қўшиқни тезда ёдлаб олар ва хиргойи қилиб юрар эди.

- Онамнинг тоғаси, устоз санъаткор Ўктам Яҳёев ҳамда отамнинг амакиваччаси, раҳматли Жаводбек Козимовга ҳавас қилганман, - дейди Д.Жаъфарова. - Аммо миллий мумтоз ашулаларни куйлаш, аниқроғи, бунинг уддасидан чиқиш қийин, деб ўйлардим. Коллежни битириб, Самарқанд шаҳрида кўзи ожиз фуқароларга хизмат кўрсатадиган 8-сон махсус маданият маркази раҳбари Зоҳид Салимов билан танишиб қолдим. У кишининг имконияти чекланган бўлса-да, мусиқа асбобларидаги ноталарни қалб кўзи билан кўриб, куй чалиши мени ҳайратга солди. Устознинг миллий мумтоз йўналишига бўлган меҳрини кўриб, менда ҳам мақомга қизиқиш уйғонди.

- 2017 йилда маданият марказимиз қошида мақомчилар тўгарагини ташкил қилдик, - дейди З.Салимов. - Нафақат кўзи ожизлар, балки соғлом ёшлар ҳам қатнашиши мумкин бўлган бу тўгаракка 2018 йилда Диёра ҳам аъзо бўлди. У асосан эстрада йўналишига қизиққанлиги учун мақомни эплолмаса керак, деб ўйлагандим. Аммо бир куни у менга "Тановар"ни куйлаб берди. Эшитиб туриб, бу қизга катта умид боғладик. Ўз устида тинимсиз меҳнати туфайли қисқа фурсатларда кўплаб ютуқларга эришди ва ишончимизни оқлади.

Диёра эстрада йўналишида ҳам ижод қилишни тўхтатиб қўйгани йўқ. Хусусан, турли хорижий тилларда қўшиқларни маромига етказиб куйлайди.

- Биз, ўзбеклар, хорижий тилларда "поп" ва "жаз" йўналишидаги қўшиқларни маромига етказиб куйлашимиз мумкин экан, - дейди Д.Жаъфарова. - Аммо миллий мумтоз ашулаларни куйлаш осон иш эмас. Буни дунёнинг таниқли санъаткорлари тан олган.  

Диёранинг санъатга бўлган меҳри ва тўгаракда олган сабоқлари уни Самарқанд давлат университетига етаклади. У “Куйла, ёшлигим”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” “Шоу талантов” каби бир қатор нуфузли танловларда фаол иштирок этди. 2018 йилда ўтказилган “Ботир Зокиров санъати давомчилари” танловининг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритди. "Ниҳол" мукофоти Диёра учун кутилмаган совға бўлди.

- "Ниҳол" мукофоти учун ўтказилган танловнинг шаҳар ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритдим, - дейди у. - Аммо республика босқичида мамлакатимизда истеъдодли ёшлар кўп эканлигини билган ҳолда, мукофотга сазовор бўлмасам керак, деб ўйлагандим. Аммо мақсадни катта қўйдим. Бор имкониятдан фойдаланиб, тайёргарлик кўрдим. Танловда мураккаб асарлардан бири "Орази наво" ашуласини ижро этдим. Қўлга киритган мукофотим меники эмас, устозларимники. Бугунги кунда мақом йўналишида ўрганган билимларимни келгусида шогирдларимга етказа олсам, улар эса кейинги авлодга етказса, шу - менинг ютуғим бўлади,  шу - менинг мақсадим.

Хуршида Эрназарова.