Орзулардан воз кечишга мажбурлаш зулмдир

Турмуш қуриш — инсон ҳаётидаги энг муҳим ва таъсирли қарорлардан бири. Бу қарор орқали кимдир бахтини топишни, кимдир эса ҳаётда ўзидан эзгу из қолдиришни орзу қилади. Аммо оила қуриш - чекловлар ўрнатиш ёки кимнингдир эркинлигини тортиш учун эмас. Турмуш, аввало, ўзаро ҳурмат, ишонч ва тушуниш асосида қурилиши лозим.
Ҳар бир инсон ўз қилмишлари учун шахсан ўзи жавоб беради. Бу масъулиятни бошқалар зиммасига юклаш инсофдан эмас.
Афсуски, баъзи эркаклар турмуш ўртоғига нисбатан назоратчи каби муомала қилишни ўзларига хос фазилат деб билишади.
“Буни кийма”, “У ерга борма”, “Бу дугонанг билан учрашма” каби тақиқлар аёлнинг эркинлигини чеклаб қўяди. Ҳар бир аёл ҳам бундай муносабатни қабул қилмайди.
Кимдир қафасда катта бўлган, бош эгишга ўргатилган бўлиши мумкин. Аммо ишонч билан, эркин тарбияланган, ўз қадрини билган аёл — бунақа чекловларга ҳеч қачон кўникиб яшай олмайди. Агар эркак ўз қоидаларини устун қўйиб яшамоқчи бўлса, унга ўзи каби муҳитда тарбия топган, эркинликка эҳтиёж сезмайдиган аёлгина тўғри келади. Акс ҳолда, бундай муносабат — ажрим, вайрон оила ва етим фарзандларга сабаб бўлади.
“Ўқимайсан” деган сўзларни осонгина айтадиганлар кўп. Аммо битта қиз ўқишга кириши учун қанча меҳнат қилиши, неча бор тонггача бедор қолиши, неча маротаба тушкунликка тушиб, яна орзу билан қайтиб туриши — буни фақат ўзи билади. Бундан ташқари, бу йўлда ота-онанинг қанча меҳнати, маблағи ва дуоси бор.
Шундай бир пайтда: “Ўқимайсан, сенга керак эмас” деб орзуларни синдириш, бу нафақат қизнинг, балки уни орзу ва меҳнат билан катта қилган ота-онасининг қалбини синдиришдир. Аёл инсон учун ўзини тўлиқ оилага бағишлаш, агар бу унинг истаги бўлса, у ҳолда бу фидокорликдир. Лекин орзуларидан воз кечишга мажбурлаш, бу - зулмдир.
Шунингдек, эркак агар турмуш қурмоқчи бўлса, тўйдан аввал кимлигини, ҳаётга, аёлга ва оилага муносабатини очиқ кўрсатиши керак. Ҳамма гапга “яхши”, “бўлади” деб юрадиган эркак - кейинчалик бутунлай бошқа қиёфада намоён бўлмаслиги керак. Қизни “ўқийсан, сени қўллайман” деб уйига олиб келиб, кейин найрангларини, асл ниятини кўрсатса, бу - хиёнатдир. Ваъда - масъулият. Агар ваъда берган бўлса, уни бажариш керак.
Аёл кишини уриш қабул қилиб бўлмайдиган хато. У қандай қилмиш содир этган бўлса ҳам, унга қўл кўтариш учун ҳеч қандай баҳона йўқ.
“Гапимга кирмади, урдим”, деган эркаклар бор. Улар ўзини тўғри деб ҳисоблайди. Лекин у — инсон. Сиз каби тенг ҳуқуққа эга, ҳиссиётли, ақлли, қадрли инсон.
Майли, диний нуқтаи назарда у сиздан бир поғона пастда турсин. Лекин биз дунёвий давлатда яшаяпмиз. Бу юртда қонун ҳам, жамият ҳам, инсонлик ҳам аёлга нисбатан зўравонликни асло оқламайди.
Оила — бу икки инсоннинг ўзаро ишонч, ҳурмат ва муҳаббатга асосланган шериклиги. Бу масканда чекловлар, таҳдидлар, зўравонлик ёки орзуларни синдиришга ўрин бўлмаслиги керак.
Ҳар бир инсон ўз бахтини танлаш, ўз ҳаётини қуриш ва орзулари сари интилиш ҳуқуқига эга.
Оила - бу ҳуқуқлар сақланадиган, қўллаб-қувватланадиган муқаддас маскан бўлсин!
Эҳтимол, мен ҳали ёшдирман оила масаласига доир маълум хулосалар чиқаришга. Лекин аксар тенгдошларим, ёшларнинг фикрлари шундай эканлигига гувоҳ бўлганман. Менимча, бугун оила институтлари фақат ёшларга оила қандай бўлиши керак, дея эскича фикрларни уқтирмасдан, ёшларнинг бу борадаги фикрлари билан ҳам қизиқиб кўришлари керак.
Азиза Муҳиддинова.