Ошхонадан егулик ўғирлагани учун АҚШнинг нуфузли банки иш бошқарувчиси лавозимидан четлаштирилди

АҚШ дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири. Мамлакат банклари орасида “Катта тўртталик”ка кирувчи, энг нуфузли ва қудратли молиявий алоқалар компанияларидан бири ҳисобланган Citigroup банкининг йирик бўлинмаси раҳбари, иқтидорли ва ишбилармон Парас Шах хизмат лавозимидан озод этилди. Парас Шахнинг хизмат лавозимидан озод этилишига нима сабаб бўлди? Топширилган вазифанинг уддасидан чиқа олмаганими? Коррупцияга алоқадорлигими, масъулиятсизликми ёки бунинг бошқа сабаби борми? Мазкур саволларга ойдинлик киритамиз.

Citigroupнинг Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўлинмалари раҳбари Парас Шах ўз лавозимидан озод қилинишига ошхонадан егулик ўғирлагани сабаб бўлди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.

Citigroup АҚШнинг Bank of Amerika, JPMorgan Chase ва Wells Fargoлар билан бир қаторда “Катта тўртталик” банклари қаторига киради. Банк умумий қиймати 1.8 триллион АҚШ долларига тенг активларни бошқаради. Citigroup дунёнинг энг йирик корпорацияларидан бири ва глобал тизимнинг катта аҳамиятга эга банки ҳисобланади.

Шах Европада энг малакали мутахассислардан бири ҳисобланади. Citigroupга у 2017 йилда келган. Шах унга қадар HSBC ва Goldman Sachsда узоқ йиллар фаолият олиб борган. У Британиянинг Бата университетини тамомлаган. Парас Шах раҳбарлик қилган бўлинма 2019 йилнинг сўнггида маблағ кириб келишини 49 фоизга оширишга эришган.

The Wall Street Journal нашри берган маълумотга кўра, Шах Citigpoupда йилига 1.3 миллион АҚШ долларига яқин маош олган. Шахни ошхонадан егулик ўғирлашга нима мажбур қилганлиги номаълум. Нашрнинг бу борада берган саволига топ-менежернинг ўзи жавоб бермади.

“Молиявий ходим томонидан қилинадиган, унинг ҳалоллигини шубҳа остига қўядиган ҳар бир ҳаракат, иш берувчи ва назоратчилар томонидан жиддий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин”, дея изоҳ берди назорат масалалари бўйича маслаҳатчи ҳамкор фирма Bovill ходими Эд О‘Бри.

Арзимаган егулик учун бундай чора кўрилиши қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида чора кўрган мамлакатлар - АҚШ ва Европа ва уларнинг қай даражада ривожланганлигига қараб ҳам хулоса чиқарса бўлади.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.