Ошхонада терминал йўқ
Қарорда 2017 йил 1 мартдан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловлар пластик карточкалар орқали қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгиланган эди. Ўтган вақт давомида умумий овқатланиш масканларининг терминал билан жиҳозланиши борасида қандай ўзгаришлар бўлди?
– Ўзимиз ижара асосида ишласак, бизда терминал нима қилади? – дейди Сиёб бозори ҳудудидаги "Чорсу" ошхонаси ошпази Шавкат Ҳамдамов. – Ошхонамиз ҳам кичиккина. Шундай бўлса-да, мижозларимиз жамоавий ҳолда пластик картадан ҳақ тўламоқчи бўлса, яқинроқдаги ёғ дўконга ўтказаман, чунки ундан ёғ оламан. Лекин мен картошка, пиёз, гўшт каби бошқа маҳсулотларни бозордан пластик карточка орқали ололмайман-да. Шунинг учун нақд пулда бозорлик қилиб, оиламиз билан шу ошхонада аҳолига хизмат кўрсатяпмиз. Агарда ҳамма керакли маҳсулотни "перечисление"га олишнинг имкони бўлса эди, мен ҳам терминал ўрнатардим.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда вилоятимизда расмий рўйхатдан ўтган 670 та умумий овқатланиш маскани бор. Уларнинг 662 таси банк терминали билан жиҳозланган. Фақат тадбиркорларнинг ўзлари нақд пулга савдо қилиш мақсадида терминалларни беркитиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил давомида 111 маротаба назорат тадбирлари ўтказилди ва қонунбузарларга нисбатан 61,6 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Ўрганиш жараёнида бир неча ошхоналар терминал билан жиҳозланмагани, борларида эса турли сабабларга кўра, ишламай қолганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Мармар деҳқон бозори ҳудудида иккита ошхона пластик карточка орқали мижозларга хизмат кўрсатяпти. Аммо учинчи тадбиркор терминали бор-у, лекин ҳозир ишламай қолганлиги тўғрисидаги "эртак"ни айтди. Фирдавсий кўчасидаги "Табака"хонада эса умуман терминал ўрнатилмаган. Терминали бор жойларни қидириб, кўплаб тамаддихона, ошхоналарда бўлдик. Уларнинг аксариятида пластик карточка орқали ҳақ тўлашда муаммога дуч келдик.
– Давлат корхонасида ишлайман, маошимнинг аксарият қисми пластик карточкамга тушади, – дейди Илёс Абдураҳмонов. – Гоҳида йўлдан овқатланишга тўғри келганда терминали бор ошхонани қидириб қоламиз. Афсуски, бундай ошхоналар кам. Борлари ҳам нақд пулга бошқа нарх, пластик карточка орқали тўловга бошқа нарх белгилашади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
"Зарафшон" мухбири.