Ошхоналар ва буюм бозорлари фаолиятини бошлади
Республика маxсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 15 июнидан "сариқ" ва "яшил" ҳудудлардаги мавжуд умумий овқатланиш объектлари фаолиятига руxсат берилди.
Айни пайтда Самарқанд вилоятидаги 2 минг 99 та умумий овқатланиш объектлари ўз фаолиятини қуйидаги талаблар асосида йўлга қўймоқда:
- банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
- фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;
- столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
- бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
- ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
- ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш.
***
Шунингдек, вилоятнинг "сариқ" ва "яшил" ҳудудларидаги 15 та буюм бозори ҳам фаолиятини бошлади.
Бунда буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион туннел ва “тўшак”лар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°С ва ундан юқори ва инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.