"Осиё кубоги-2023" баҳслари Хитойда ўтказилмаслиги маълум бўлди
Хитой футбол ассоциацияси билан олиб борилган кенг қамровли муҳокамалардан сўнг мамлакат 2023 йилги Осиё кубоги ўйинларига мезбонлик қила олмаслиги ҳақида расман маълум қилди.
Хитой 2019 йил 5 июнь куни Парижда бўлиб ўтган ОФКнинг навбатдан ташқари Конгрессида "Осиё кубоги-2023" мезбони этиб тайинланганди. 24 жамоа иштирокидаги мусобақа 2023 йилнинг 16 июнидан 16 июлига қадар Хитойнинг 10 та шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.
ОФК мазкур вазиятга мамлакатдаги COVID-19 пандемияси сабаб бўлаётганлигини қайд этмоқда. Тайёргарлик жараёнида Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита билан яқиндан ҳамкорлик ишлари олиб борилди. Ҳатто бир қатор муҳим босқичларга эришилди, жумладан, турнир логотипи ишга туширилди ва ўтган йили "Шанхай Пудонг" футбол стадиони очилди.
ОФК Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита жамоавий манфаатларни кўзлаб, жуда қийин, аммо зарур қарорни қабул қилганини қадрлашини маълум қилмоқда.
Шунингдек, 2023 йилги Осиё кубоги мезбонлиги билан боғлиқ кейинги қадамлар ҳақида қўшимча маълумотлар яқин вақт ичида эълон қилиниши таъкидланган.