Осойишталик учун барча масъул

Самарқанд халқаро аэропортида  «Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашишда фуқаролар билан ҳамкорлик» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, аэропорт ходимлари иштирок этди.

Тадбирда бугунги кунда халқаро террористик ташкилотлар ва уларнинг ҳаракатларига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. 

– Кейинги пайтда дунё оммавий ахборот воситалари Сурия, Ироқ ва бошқа айрим давлатларда бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлаётган террорчи гуруҳларнинг хунрезликлари хусусида кўп айтилмоқда, – дейди вилоят бош имом хатиби ўринбосари Ё.Мансуров. – Айниқса, ғаразгўй кимсалар интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали ёшларга турли кучлар кўринишидаги диний оқимлар ғояларини тарғиб қилиб, ўз ақидаларини сингдиришга уринмоқда.  Бу эса ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ огоҳ бўлишни талаб қилмоқда. Бунда узоқ муддатларга хорижга кетган маҳалладошларни яқинларидан сўраб туриш, дараксиз кетганлар ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларни огоҳ этиши лозим. Зеро, тинчлигимиз, осойишталигимизга дахл килувчи ҳар қандай таҳдид, ахборот хуружларига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Тадбирда «Надомат» фильми намойиш этилди.

О.НАИМОВ.