Ота-онангиздан ҳеч қачон уялманг

Яқинда бир танишим оилавий тадбирга таклиф қилди. Маросимга ота-онам билан бирга бордик. Тадбир бошлангунча дўстлар билан гурунглашиб ўтиргандик, гапдан гап чиқиб, танишлардан бири «Қандай қилиб шундай жойга ота-онангни олиб келдинг?», деб қолди.
Шу пайт даврадаги суҳбат тўхтаб, ҳамманинг нигоҳи мен ва шу гапни айтган кишига қаратилди. Албатта, бу гапдан кейин мен қатори бошқаларнинг ҳам жаҳли чиқди. Аммо вазиятни юмшатиш учун кулиб, хотиржам жавоб бердим.
Бундай жойларга мени илк бор олиб келган ота-онам бўлади. Мен ҳали юра олмайдиган, гапни тушунмайдиган, ўзим овқатлана олмайдиган, тўғри ўтиролмайдиган пайтда ҳам улар мени тўй-томошаларга олиб борган, мен билан фахрланишган. Энди тантаналарда, дўсту биродарлар ёнида шундай ота-онам борлиги учун мен улар билан фахрлансам, бу уят эмас, балки мен учун шараф.
Жавобимдан сўнг ҳеч ким лом-мим демади, танишим бошини қуйи солди…
Ота-она инсон ҳаётидаги энг буюк туҳфа. Улар сизни йўқдан бор қилди, тунларни бедор ўтказди, иссиқ-совуққа бермай катта қилди. Бир оғиз “Дада”, “Она” деган сўзингиз учун қанча заҳматларга чидади. Энди сиз улар билан бирор жойга борсангиз, уялиб эмас, фахрланиб юришингиз керак эмасми?
Ота-онангизни борлигида қадрланг, бўш вақтингизни улар билан ўтказинг, олдида ўзингизни катта қилиб кўрсатманг, асосийси, ҳеч қачон ота-онангиздан уялманг!
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.