Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Отангдан ортиқ одамлар… 

Не-не улуғларга бешик саналган Самарқанд дорилфунуни фарзанди бўлиш болаликдаги орзуйим эди. Аллоҳнинг қудратини кўрингки, ниятни кўнгилга солгандан сўнг, унинг амалга ошиш имконини ҳам Ўзи берар экан. Мавлон Жўрақулов, Раҳматулла Қўнғуров ва Раҳмонқул Орзибеков сингари олижаноб ва бағрикенг пиру устозларга дуч келганимни ҳам Яратганнинг ана шундай неъмати ва инояти деб билдим.

Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида айтар гапларим, таъзим ва эҳтиромим бор. Миннатдор қалб туйғуларини қоғозга туширмоққа Ўзи имкон берса бўлди.

Ҳазрат Навоий “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”, деганларига аҳамият берилса, рамзий маънода биргина ҳарфни ўргатган инсоннинг қарзини узмоқ учун юзлаб хазина етарли эмаслигини айтиб, устозлик мақомининг нечоғлик баланд эканлигини таъкидламоқда.

Аллоҳим, биргина ҳарф сабоғининг рутбаси шунчалик баланд бўлса, ҳаёт сўқмоқлари-ю ўнқир-чўнқирларида шогирдларини қўлидан етаклаб юрган инсонларнинг мартабасини қанчалик юқори қилиб қўйгансан?!

Кейинги пайтларда «Устоз отангдан улуғ» мақоли бироз ўзгартирилиб, «Устоз отангдай улуғ», деб қўлланила бошланди. Бу тўғри эмас, албатта. Мақолнинг маъносини чуқур англамаганлар шундай ишлатишмоқда. Ўз қадрини билган одамга чиндан ҳам устознинг қадри отаникидан юқорида бўлади. Ота ўз вазифасини бажариб бўлган, фарзанднинг кейинги камолоти энди унга боғлиқ бўлмай қолганда устоз деган бир улуғ зот ҳаётингда пайдо бўлади ва у сени отанг уддасидан чиқа олмаган юксакликларга олиб чиқади. Нега энди унинг мартабаси отангникидан улуғ бўлмасин экан!

Профессор Раҳмонқул Орзибеков ҳаётимда ана шундай вазифани зиммасига олган, тақдиримда бурилиш ясаган устоз бўлди. Шу сабаб бу олижаноб инсонга нисбатан устоз сўзини қўллашим камлик қилади, деб ҳисоблайман ва пиру устозим деган жумлани ҳамиша юрагимнинг туб-тубида сақлайман. Дарҳақиқат, устоз пирлик мақомига етган комил инсон эди.

Гарчи, устознинг фоний оламни тарк этганларига анча йиллар ўтган бўлса-да, мамлакатимизда у кишини яхши билган, суҳбатларини олган инсонлар – ҳамкасблари, шогирдлари, қариндош-уруғлари бор.

Устозни «оппоқ дада» – оталари  Орзибек бобо «Раҳмонқул домла» деб мурожаат қиларди. Оғалари Соттиқул ака ҳам шундай дерди. Бу жумланинг айтилишида фарзанди билан қанчалик фахрланиш ва мамнуният, қониқиш ва розилик туйғуси борлигини ўша пайтлар ҳам пайқаганман. Ота-бола, ака-ука ўртасидаги бу изоҳлаб бўлмас муносабатларга ҳавас қилганман. Ота-онам, синглим ва укамга бўлган силаи раҳм ўша пайтлар туғилган бўлса ажабмас.

Биз сабоқ олган устозлар орасида Раҳмонқул домланинг юриш-туришлари ҳам, ўзини тутишлари ҳам, муомала маданияти ҳам бутунлай бошқача, қадам ташлашлари доимо салобатли эди. Шошилмасди, бошқаларни тинглашни хуш кўрарди, кам гапирарди. Аммо керакли гапни ўрнига қўйиб айтарди. Неча йил домланинг ёнларида бўлган бўлсам, ғазабланганини ёки бирон кишига қаттиқ гапирганини кўрган эмасман.

XVI-XIX асрлар ва миллий уйғониш даври адабиёти тарихидан дарс берарди. Бу давр адабиёти ва унда устувор бўлган адабий жанрлар тўғрисида қатор китоблар ёзган эди. Мавзуни эринмасдан тушунтирарди. Талабаларга «уч» баҳо қўйишни ўзига эп кўрмасди. Қўшимча саволларга жавоб беришга имкон берарди. Домланинг дарсидан ва қўйган баҳосидан норози бўлган талабани учратмаганман.

Давралари ҳам ажойиб эди: Жўрабой Ҳамдамов, Нуриддин Шукуров, Раҳматулла Қўнғуров, Муса Халилов, Шавкат Холматов… Бу устозлар бугун орамизда йўқ. Аммо уларнинг ҳар биридан ибратли илмий-маънавий мерос қолди. Уларнинг хизматида бўлган дўстим Жума Ҳамро иккаламизга ширин хотиралар қолди...

Пиру устозим Раҳмонқул домладан кўп яхшиликлар кўрдим. Шу олижаноб ва бағрикенг инсон туфайли Самарқанд давлат университетига ишга жойлашдим, уйлик-жойлик бўлдим. Элга қўшилдим. Ахлоқидан ибратландим. Одамлар билан, раҳбарлар билан, яқинлар билан қандай муомала қилишни ўргандим.

Бугун энди устоздан олганларимни шогирдларимга, фарзандларимга қай даражада қайтараяпман, буни билмадим. Аммо ўтаётган дарсларимда устозимдан ўрганганимдай, таълим ва тарбияни уйғун олиб боришга ҳаракат қиламан. Бу улуғ зотнинг ҳаётидан эсимда қолган ибратли жойларини сўзлаб бераман. «Тузукми», деган саволу эътирофларини соғиниб, ўзим ҳам таъсирланаман.

Қарайману юрагимда тугар бардош,

Қандай қилиб сизни асрай қон-қариндош?

Кўзимда ёш, кўнглимда ёш, сўзимда ёш –

Одамизот бу дунёдан ўтиб борар. (Усмон Азим).

Агар ҳаёт бўлганларида Раҳмонқул домла 5 май куни 92 ёшни қаршилаган бўлар эди. Пиру устозимнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

Суюн КАРИМОВ,

профессор.