Отлар ҳақида нима биламиз?
Қулун – отнинг янги туғилганидан бир ёшгача бўлган боласи.
Тойчоқ – отнинг бир ёшдан икки ёшгача бўлган боласи.
Той – икки яшар боласи.
Ғўнон – уч яшар от, айғир.
Дўнон – тўрт яшар от.
Тўлон – беш яшар от.
Айғир – 3-4-5-6-7 ёшли эркак от.
Чирға – олти яшардан ошган от.
Толлон – 12 ёшли от.
Қирчанғи – қариб қолган от.
Байтал – ёш урғочи от.
Бия – туққан ва бўғоз урғочи от.
Йилқи – отлар подаси, галаси.
Уюр – ораларида бир айғири бўлган биялар тўдаси.
Ёби – насли паст от.
Чўбур – хашаки от.
Байир – маҳаллий шароитга ўрганган жайдари от.
Қорабайир – бели текис ва кенг, кўпинча тўриқ ёки саман от.
Тарлон – ола тарғил, чавкар от.
Тўриқ – қора-қизил, тўқ тусли жийрон от.
Жийрон – қизғиш-малла от.
Саман – оч малла, сомон ранг от.
Самантўриқ – саманга, маллага мойил рангли тўриқ от.
Бурул – холдор кўкиш от.
Чавкар – ола-була, қора холли, хол-хол от.
Чагир - кўзида оқи бор от.
Асов – минги бўлмаган, ҳали минишга кўникмаган от.
Бедов – учқур, ўйноқи от.
Йўрға – минганда худди машинада кетаётгандек текис, силлиқ юрадиган от.
Дўққи – йўрғанинг акси, юрганда устидаги одамни силкитиб юрадиган от.
Арғумоқ – жуда чопқир от.
Тулпор – наслдор, чопқир, учқур от.
Хос тулпор – боқилган, чиниққан, узоқ сафарларда юрган, пойгада пишган, наслдор от.
От абзаллари:
Босмайил – отнинг қорнидан эгар билан қўшиб боғланадиган тасма.
Қуюшқон – эгар отнинг боши томонига кетиб қолмасин учун, унинг думи остидан ўтказиб эгарга боғлаб қўйиладиган арқон.
Узанги – оёқ қўйиб миниш ва эгарда мувозанат сақлаш мосламаси.
Тизгин – отнинг сулуғига ва нўхтасига боғланган арқон. Отни мингач, у чавандознинг қўлида бўлади. Унинг синоними – жилов.
Сулуқ – отнинг оғзига тиқилган темир мослама. (“От бошига иш тушса сулуқ билан сув ичар, йигит бошига иш тушса этик билан сув кечар”)
От ҳақидаги нақллар:
- От бор уйга инс-жинлар йўламас экан.
- От – йигитнинг қаноти.
- От дўсти – ота дўсти.
- Оти бор – ботир, оти йўқ – ётир.
- От олсанг, отасини суриштир.
Хуллас, кексаларимиз, ҳар бир хонадонда битта от бўлиши керак, агар от бўлмаса, отга атаб уйнинг олдига битта тақа ё якка мих қоқиб ёки нухта қилиб, уни кўзга ташланадиган жойга илиб қўйиш керак, дейишган. Чунки бу нарсалар ҳамиша отни сўраб турар экан.
Ҳа, дарвоқе, отнинг кўзи ёнида кипригига ўхшаган туклари бўлади, ўша юлиб ташланмаса от ҳурковуч бўлиб қолади.