ОТМ ўқитувчисига илмий мақоласига қараб баҳо бериладими?

Ҳозир олий таълимда асосий иш нимадан иборат? Менимча, биринчи навбатда мамлакат халқ хўжалиги учун олий маълумотли профессионал мутахассислар тайёрлаш керак. Чунки мамлакатимизда айнан шундай кадрларга эҳтиёж жуда юқори.

Шунинг учун ҳозир талабга жавоб берадиган етук мутахассисни тайёрлашга ҳар қачонгидан ҳам эътиборни кучайтириш лозим. Вазирлик ва маҳаллий раҳбарият талаб қилаётганидек, скопус журналларида мақола чиқариш олий таълим муассасаси (ОТМ) профессор-ўқитувчиларининг асосий иши бўлса (мукофот миқдорига ва талабнинг йўналишига қараганда бу асосий) ва уни бажаришга “бор кучимизни” сарфласак бу билан тайёрлаётган мутахассисларимизнинг сифати ошадими? Агар ошса, талаб ўзини оқлайди.

Иккинчидан, скопусда мақола чиқариш ва баъзида 3-4 ҳар хил фандан 800-1000 соат сифатли дарс ўтиш мумкинми? Мумкин бўлса, нечта профессор-ўқитувчи буни уддалайди? Улар бармоқ билан санарли бўлади.

Жамиятдаги саводсизлик ОТМларда ишлаётганларга ҳам тегишли. Бутун жамиятимизда бўлганидек, уларнинг ҳам бир қисми ота-онасининг, қариндош-уруғининг, таниш-билишининг ёки пулининг орқасидан ишга жойлашган. Шунинг учун бундайлар олдин ўз соҳасини, ўзи дарс берадиган фанларни яхши билиши, талабанинг мустақил ишлаши учун зарур бўлган ўқув материалларини тайёрлаши, талаба билан ишлаши керак. Бу ишларни рисоладагидек уддалаб, кейин скопусга мақола тайёрласа бўлади.

Агар мен шу раҳбарларнинг ўрнида бўлганимда эди, кафедра мудиридан фалончи ўзининг ишини сифатли бажарадими ёки скопус мақолага ҳаммуаллифми, деб сўрардим. Агар “педаль” маҳкам босиб турилса, мақоланинг молиявий томонини кўтарадиган, зарур бўлганда сотиб оладиган “ҳаммуалифлар” ҳам кўпаяди. Қон-қонимизга сингиб кетган ҳамда кейинги вақтларда янгидан қулоч ёзаётган қариндош-уруғчилик бу ерга ҳам кириб келади. Бу кўрсаткич бўйича “ҳаммуалиф”лар ҳам олдинга ўтказилса, таълимни яна “худо урди”, деяверинг.

Яна бир марта такрорлайман, ОТМ профессор-ўқитувчисининг асосий иши нима, скопусга мақола ёзишми ёки яхши мутахассис тайёрлашми?

Агар яхши мутахассис тайёрлаш бўлса, Сиз биринчи навбатда, унинг ўқув материаллари сифатини, педагогик маҳоратини, талабалар орасидаги рейтингини текширинг ва шу кўрсаткичлар бўйича унга баҳо беринг ҳамда айнан шу кўрсаткичларни такомиллаштиришга рағбатлантирувчи иш қилинг.

Замонавий университетлар барибир илм-фансиз бўлмайди. Илмий ишларга ҳам эътибор берилиши керак. Лекин юқорида айтилганидек, ҳаммани бирдек скопусга мажбурлаш тўғри сиёсат эмас.

ОТМ профессор-ўқитувчисининг меҳнатига баҳо берганда, унинг педагогик фаолияти биринчи, илмий фаолияти иккинчи ўринда туриши керак. Агар меҳнатнинг натижасини 100 баллик мезон асосида ўлчайдиган бўлсак, камида 60-70 балл педагогик, 30-40 балл илмий фаолиятга берилиши лозим. Ўтган йил профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятига баҳо беришда таълим соҳаси олдинда бўлган илғор мамлакатлардагидек, талабаларнинг фикри инобатга олинади, дейилганди. Баҳо беришнинг бу турини асосий деб, унинг аниқлик даражасини ошириш, яъни такомиллаштириш керак, холос.

Таълимга мутасадди бўлган ҳар бир раҳбар ўзгарганда ёки юқори раҳбариятнинг оғзидан гап чиқса, дарҳол “араванинг” рулини буришнинг ҳожати йўқ. Раҳбар ким бўлишидан қатьий назар олий ўқув юртининг асосий иши – мамлакат учун саводли мутахассис тайёрлаш. Агар биз шу ишни уддаласак, скопусга мақола ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади, сабаби уни ҳам саводли одамлар қилади.

Албатта, айтаверсак гап кўп. Лекин қуйидагилар ҳам бунга жиддий таъсир кўрсатади. Физика, кимё, биология ва уларга яқин бўлган ҳосила фанларнинг аксар қисмида илм қилиш тажриба ўтказиш ва замонавий асбоб-ускуналар билан боғлиқ. Бундай асбоб-ускуналар Тошкентда баъзи илмий-тадқиқот институтларида бор, холос. Вилоятлардаги университетларда ўртамиёна илм қилиш учун айтарли ҳеч нима йўқ. Инглиз тилини етарли даражада билмасдан ва бундай шароитда тайёрланган мақола фанга, ОТМнинг рейтингига қандай ҳисса қўшади? Бунинг ўрнига инглиз тилини яхши ўзлаштириб, ўз соҳаси бўйича бу тилда ёзилган ўқув адабиётларни ўқиса, малакали кадр тайёрлашда бунинг фойдаси катта бўлади. Бундай шароитда скопусга мақола ёзиш учун ҳамма математика ва назария билан шуғулланиши керак.

Яна бир масала - тил масаласи. Инглиз тилини билмаслик янги адабиётларни ўқиш ва мақола ёзишга катта тўсиқ. Янги ўқув йили учун тузилаётган “ўқув режа”да ҳам давлат университетларининг табиий фан йўналишларига рус тили ва хорижий тилни ўрганишга бир хил соат ажратилган. Бу малакали мутахассис тайёрлаш бўйича айтилаётган гапларга ва скопусга мақола ёзиш талабларига мос келмайди. Илғор мамлакатларнинг бирортасида табиий фан йўналишларида рус тили ўқитилмайди. Ахир биз ҳам гапимизда улардан ўрнак оламиз деймизку?! Демак, амалда ҳам шунга мос ишни қилиш керак. Кириллда ўқиган кўпчилик раҳбарларнинг “тиши” лотинга ўтмаяпти. Ваҳоланки, ҳар бир тилни ўрганиш кўп вақт ва катта меҳнат талаб қилади. Шуни билиб, кўриб туриб нима учун ўзининг боласидан икки ҳарф, икки хорижий тилни ўрганишни талаб қилаяпти. Агар вақт ва меҳнат иккига бўлинса, тилларнинг бирортаси етарли даражада эгалланмайди.

Олий таълим вазирлиги ва ОТМларга раҳбарлик қилган баъзи раҳбарлар ўзининг профессор-ўқитувчилар меҳнатини нотўғри баҳолаш сиёсати билан таълимга катта зарар етказди.

Илмий фаолиятнинг натижасини баҳолашнинг қийинчилиги йўқ. Халқаро ва маҳаллий илмий журналларда чоп қилинган мақолалар, тезислар сони, илмий ишига раҳбарлик қилган фан номзодлари ва докторларининг сони, илмий кенгашларга аъзолик, монографиялар ва ҳоказо. Илмий ишларнинг бир қисми бир тийинга қиммат бўлса ҳам “кўзга кўриниб” туради “ҳисоблаш” осон. Педагогик фаолиятни эса аниқ “ўлчайдиган” тарози, тарозибон ва тош йўқ. Етук педагогларнинг фаолиятини баҳолаш эса санъаткорнинг санъатини баҳолашдай гап. Лекин, баҳолаш керак, баҳоласа бўлади. Таълим ривожланган мамлакатларда буни бир неча асрдан бери уддалаб келишяпти.

Битта мисол айтай. Физика фани тарихида англиялик олим Поль Андриен Морис Диракнинг алоҳида ўрни бор. У физика бўйича Нобель мукофоти олганда 31 ёшда бўлган. Физика бўйича Нобель мукофотининг лауреати Абдус Салам Диракни эслаб қуйидагиларни таъкидлаган: “Поль Дирак сўзсиз нафақат ушбу, балки хоҳлаган 100 йилликнинг улуғ физикларидан биридир. Ҳал қилувчи 3 йилда, яъни 1925, 1926 ва 1927 йилларда ўзининг учта иши билан у, биринчидан, бир бутун ҳолида квант физикасининг, иккинчидан, майдон квант назариясининг ва учинчидан, элементар заррачалар назариясининг асосларини яратди. Бу 100 йилликда физиканинг ривожланишига бундай қисқа вақтда, Эйнштейнни ҳисобга олмаганда, бошқа бирор инсон Дирак каби ҳал қилувчи таъсир ўтказаолгани йўқ”.

Албатта бундай улуғ олимнинг юксак мартабага эришишида кимлар уни ўқитган, унга кимларнинг таъсири катта бўлган, деган табиий савол туғилади. Бу саволларга Диракнинг ўзи инглизчадан таржима қилиб, 1990 йилда “Наука” нашриётида рус тилида чоп қилган “Воспоминания о необычайной эпохе” [Ажойиб (ғаройиб, сирли) давр ҳақида эсдаликлар] китобида жавоб беради.

Ушбу китобда Поль Дирак қуйидагиларни ёзган. “Бристоль университетининг мухандислик курсини тугатганимдан кейин мен яна 2 йил математикани ўрганиш учун шу ерда қолдим. Бу вақт мобайнида П.Фрейзер менга энг катта таъсир кўрсатди. Фрейзер ҳеч қачон тадқиқот ишлари билан шуғулланмаган ва бирорта илмий мақола ёзмаган математик эди. Лекин у ўз ўқувчиларида математика асосларини ўрганишга чинакам қизиқиш уйғота оладиган тенгсиз ўқитувчи эди.

Фрейзер мени 2 нарсага ўргатди. Биринчи навбатда, у мени математиканинг қатъийлигига (ҳеч нимани ташлаб юбормасдан ҳисобга олишни) ўргатди. Мен Фрейзердан ўрганган иккинчи нарса - проектив геометрия бўлди. Проектив геометрия менда ўзининг математик назокати билан кучли таассурот қолдирди. Бундан ташқари, проектив геометриянинг усуллари катта имкониятларга эга ва ҳоказо”.

Дирак каби худо берган иқтидор соҳибига бирор нарсани ўргатиб, унинг келгуси фаолиятига катта таъсир кўрсатиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Кимга ким қайдай таъсир кўрсатганини эса унинг ўзидан бошқа ҳеч ким яхши билмайди. Диракнинг ёзишига қараганда, П.Фрейзер бирорта илмий мақола ёзмаган. Орамизда саводли, ўзининг билими, педагогик фаолияти билан шогирдига катта таъсир кўрсата оладиган бундай камтар ўқитувчилар, репетиторлар ҳам кам эмас.

Кўпчилик раҳбарлар кўпинча юксак титулларга эга бўлганларни “кўриб”, П.Фрейзерга ўхшаганларни “кўрмайди”, қадрига ҳам етмайди. Агар П.Фрейзер бизнинг ОТМларда бўлганда эди магистр нари турсин, ҳатто бакалаврга ҳам маъруза ўқий олмасди. Шунинг учун, бизнинг ОТМларда ҳам нормал жамиятлардагидек педагогнинг баҳосини қадр-қиммати номаълум илмий ишини санаб эмас, балки у ўқитган шогирдлар қўядиган баҳо билан ўлчаш керак. Айниқса, ҳозирги вақтда ОТМларнинг ва талабаларнинг сони тез кўпайиши муносабати билан фалсафа докторлари ҳам кўпайди. Албатта, уларнинг орасида бу номни оқлайдиганлар, муносиблар анча. Лекин саводи бўшлар ҳам кам эмас. Агар яхшилаб қаралса, уларнинг баъзилари “ўзбекчилигимизнинг” ортидан, баъзилари эса бакалавриатни, магистратурани “уч”га битириб докторликни ёқлаяпти.

Ўқитувчилик фаолияти адолатли баҳоланмагани, қадрига етилмаганига яна битта ёрқин мисол, бизнинг олий таълим тизимимизда фундаментал табиий фанлар бўйича профессорлик унвони асосан докторлик илмий даражасига эга бўлганларга (ҳамда талабага бир соат ҳам дарс ўтмаган раҳбарларга) бериларди. Ўзининг чуқур, кенг билими ва юксак педагогик маҳорати катта тажрибаси билан бу унвонга лойиқ бўлган қанчадан-қанча доцентлар уни кўрмасдан ўтди. Сабаби, уларнинг “айби” илмий даражаси фан номзоди эди, холос. Ваҳоланки, Россиянинг ва бошқа илғор мамлакатларнинг ОТМларида фан номзоди бўлган профессорлар кам эмас. Педагогик фаолиятни адолатли баҳолай олмасдан туриб, ҳеч қачон яхши мутахассис чиқара олмаймиз.

А.ҚУВВАТОВ,

СамДУ доценти.