ОТМларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар учун 1 миллион еврогача маблағ ажратилиши мумкин
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси, хориж ва Ўзбекистондаги ОТМлар вакиллари иштирокидаги тадбирда "Эрасмус+" дастури эксперти томонидан маълум қилинди.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ўтказилган тадбирда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги янгиликлар ва соҳа таълимини жозибадор қилиш масалалари муҳокама қилинди. Соҳадаги камчиликларга ечим изланди.
- Қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳасида таълим тизими сифатини ошириш борасида ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқилди, - деди Португалиянинг Порто университети профессори Августо Фаустино. - Лойиҳа доирасида ушбу конференцияга қатнашаётган давлатлар олий таълим муассасалари билан чорвачилик соҳасида онлайн платформа яратилди. Натижада таълим сифати ошди.
Шунингдек, тадбир доирасида "Эрасмус+" дастурининг қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳасидаги истиқболли лойиҳаларига бағишланган якуний саммити ҳам бўлиб ўтди.
- "Эрасмус+" дастури Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган дастур ҳисобланади, - деди "Эрасмус+" дастури эксперти Қудратхон Баҳодиров. - Дастур олий таълим муассасаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар бўйича 500 мингдан 1 миллион еврогача маблағ ажратади. Дастур доирасида ҳар йили танлов эълон қилиб борилади. Олий таълим муассасалари ўзларининг салоҳиятини ошириш учун ушбу дастурда қатнашади.
ТошДАУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.