“Оёғида жароҳат бўлса-да Парвина иродали курашди”
Айни пайтда Япониянинг Токио шаҳрида XVI Паралимпия ўйинлари ўтказилмоқда. Нуфузли беллашувда вилоятимиз спортчилари ҳам муносиб иштирок этяпти.
Қувонарлиси, Самарқанд туманининг Қуйитуркман маҳалласида яшовчи 20 ёшли пара-дзюдочи Парвина Самандарова аёллар ўртасидаги баҳсда 57 килограм вазн тоифасида ғолиблар сафидан жой олди. У финалда озарбайжонлик Севда Валиевага қарши чиқди, афсуски, ҳамюртимиз вазари баҳоси эвазига рақибига имкониятни бой бериб, Паралимпия ўйинларининг кумуш медалига сазовор бўлди.
- Вақтида қизим Парвинани спортчи бўлишига қаршилик қилганман, - дейди чемпионнинг онаси Наргиза Ўрунова. – Дадаси қизимизни 7 ёшидан Самарқанд шаҳридаги спорт мактабига мураббий Дилноза Баҳромова қўлига топширди. Ўзим тиббиёт ходими бўлганим сабаб, қизимнинг бу ёшда қийналишини хоҳламаганман. Албатта, кейинчалик буни аксини кўрдим. Ҳозирда унга Арсен Бабаян мураббийлик қилмоқда. Қизимнинг спортга бўлган ҳаваси жиддий эканини мусобақалардаги ғалабаларини кўргач амин бўлганман. Айниқса, кечаги Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлиб, кумуш медалини олгани бизни янада қувонтирди. Қизим олтин медаль ҳам олиши мумкин эди, аммо унинг оёғидаги жароҳати панд берди. Нима бўлганда ҳам бу ғалаба нафақат қизимники, балки халқимизнинг мустақиллик байрамига туҳфаси бўлди. Бунинг учун спортга эътибор бераётган Юртбошимизга, устозларига миннатдорчилик билдираман.
Наргиза опанинг таъкидлашича, Парвинанинг спортга қизиқишига оиладаги муҳит сабаб бўлган. Биринчи устози дадаси Асадхон Самандаров ҳисобланиб, ўзи ҳам самбо бўйича бир неча халқаро мусобақалар ғолиби бўлган. Акаси Умидхон ҳам жаҳон танийдиган спортчи. Айни пайтда Парвина Самарқанд давлат университети талабаси, ўқишга ҳам эришган ютуқлари сабаб, грант асосида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз: Парвина Самандарова 2018 йил Индонезияда ўтказилган III ёзги Параосиё ўйинларида, 2019 йил Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. Жорий йилнинг май ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтган “Токио-2020” Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион турнирда кумуш медали билан тақдирланган.
Ҳусан Элтоев.