Озарбайжон армияси Келбажар туманига кириб келди

Озарбайжон армияси Арманистон ҳарбийлари тарк этган Келбажар туманига кириб келди. Бу ҳақда 25 ноябрь куни Озарбайжон мудофаа вазирлиги сайтида маълум қилинди, деб хабар берди РИА Новости нашри.

24 ноябрь куни Қорабоғнинг Келбажар туманида жойлашган Арманистон ҳарбий қисмлари, казарма ва ҳарбий биноларни портлатиб, келишувга биноан Озарбайжон назоратига ўтиши керак бўлган ҳудудни тарк этишди.

“Биз бутун уруш давомида бу ерни уларга бермадик. Айни вақтда тўғри параллел бўйича Озарбайжон ҳарбий бўлинмаларигача 12 километр масофа бор. Биз тоғдаги олд кузатув постларимизни тарк этмоқдамиз ва озарбайжонликларга ҳеч нарса қолдирмаслик учун ҳарбий қисмнинг қолган биноларини портлатамиз. Ундан кейин биз Арманистонга қайтамиз. Айни вақтда бизнинг бўлинмамиз энг сўнгги бўлинмалардан бири”, деди Арманистон қўмондонлик вакилларидан бири, 24 ноябрь куни ҳудудни тарк этишдан олдин журналистларга.