Ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий вакиллиги “Innovative Centre” ҳамкорлигида меморандум имзоланди.
Ҳудудий марказ директори Aъламжон Ибрагимов ҳамда “Innovative Centre” раҳбари Муҳаммаджон Солиев ўртасида имзоланган мазкур меморандум халқ таълими тизимида хорижий тилларни ўқитиш сифатини оширишга қаратилди. Хусусан, марказ профессор-ўқитувчиларини халқаро IELTS ва CEFR ҳамда инглиз тили ўқитувчиларининг тан олинган халқаро малака ошириш курслари (TKT, TESOL, TEFL, CELTA ва бошқа)да сертификатлаштириш тизимини ташкил қилиш юзасидан ҳамкорлик ўрнатилди.
Самарқанд шаҳридаги “Innovative Centre” айни вақтда “Cambridge Assessment English”нинг Ўзбекистондаги имтиҳонлар маркази бўлиб, ушбу ҳамкорлик тизимида хорижий тилларни ўрганиш соҳасини янада ривожлантириш ва замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ахборот хизмати.